Жаҳон, Иқтисод - 0:48 · 21.04.2022

Қозоғистонда озиқ-овқат нархлари ошди

Қозоғистонда 2022 йилнинг мартида озиқ-овқат нархлари ойига 5,8 фоизга, йилига 15,4 фоизга ошди. Бу ҳақда «Zakon.kz» хабар берди.

Фото: «Настоящее Время»

Келтирилишича, озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик нархининг энг катта ўсиши Ақтўбе вилоятида – 18,5 фоиз, Туркистон вилояти ва Чимкентда – 17,2 фоиз, Жамбил вилоятида – 16,7 фоизни ташкил қилган. Мутахассислар йиллик динамикада маҳсулотларининг асосий турларида нархлар сезиларли даражада ошганини кузатган.  Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари бирданига 25,9 фоизга, шакар, мураббо, асал, шоколад ва қандолат маҳсулотлари 24,7 фоизга, сариёғ ва ёғлар 17,4 фоизга, нон ва дон маҳсулотлари 13,6 фоизга, балиқ ва денгиз маҳсулотлари нархи 13,1 фоизга, гўшт маҳсулотлари 12,9 фоизга, сут маҳсулотлари 11,8 фоизга қимматлашган.

Таъкидланишича, апрель ойида нарх-навонинг ўсиши бўйича ҳали тўлиқ маълумотлар берилмаган. Аммо, тадқиқотчилар қимматлашув давом этаётгани айтган.

«1 апрелдан 12 апрелгача бевосита ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг давлат томонидан назорат қилинадиган ва тартибга солинадиган нархи яна 1,8 фоизга ошди, йил бошидан шу кунгача ўсиш 13,4 фоизни ташкил этмоқда», дейилади хабарда. Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг рекорд даражада ошиши кузатилаётгани қайд этилган.

Аввалроқ Қозоғистон дон ва ун экспортига чеклов ўрнатганди. Шунингдек, Қирғизистондан доллар олиб чиқишга чеклов қўйилиши маълум қилинган.