Жаҳон - 22:00 · 21.04.2022

Шойгунинг ҳисоботи, Россия жаримага тортган Google, «Z»ни ишлатмасликка чақирган Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 21 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешук 20 апрель куни Мариуполдан гуманитар йўлак бўйлаб бор-йўғи тўртта автобус жўнаб кетганини айтди.

Қайд этилишича, эвакуация қилинган одамлар тунни Бердянскда ўтказган ва ҳозир Васильевки йўналишида кетмоқда. Тез орада улар Запорожьега етиб келиши кераклиги айтилган. Аёллар, болалар ва қарияларни Мариуполдан эвакуация қилиш бугун ҳам давом этган.

Дунёдаги энг йирик криптобиржа бўлган Binance Россиядан очилган, 10 минг евродан ортиқ активлари бўлган ҳисоблар фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйди. Бундай мижозлар ўз маблағини фақат бошқа крипто ҳамёнларга олиб ўтиши мумкин бўлади. Шунингдек, чекловлар Россиядан ташқарида яшовчи русларнинг ҳисобларига таъсир қилмаслиги айтилган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Владимир Путинга Мариуполь ва «Азовсталь» металлургия комбинатидаги вазият бўйича ҳисобот берди. Путин заводга ҳужум қилишни тўхтатишга топшириқ берди.

Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Мариуполь назорат остига олинган, бироқ «Азовсталь» ҳудудида ҳали ҳам «жангарилар мавжуд». Таъкидланишича, ҳозир комбинатда 2000 нафардан ортиқ «жангари» қамалга олинган бўлиб, 1,5 мингга яқини таслим бўлган.

Бундан ташқари Путин мудофаа вазирига қўшинларга миннатдорчилигини етказишни буюрган. «Қўшинларга миннатдорчилик сўзларини етказинг. Илтимос, хизмат кўрсатган аскарларимизни давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича таклифлар киритинг. Бундай ҳолларда бошқача бўлиши мумкин эмас, мен уларнинг барчаси билишини хоҳлайман: бизнинг тушунишимизча, уларнинг барчаси қаҳрамонлар», — деган Россия раҳбари.

Австрия Россиядан нефть импорт қилиш ва Россия нефтини қайта ишлашни тўхтатди.

Россия суди Google’ни «Украинадаги махсус операция ҳақидаги сохта маълумотларни» ўчирмагани учун 11 миллион рубль (таҳминан 141 миллион сўм — таҳририят) миқдорида жаримага тортди.

Қайд этилишича, Москва суди Google’ни Украинадаги уруш ҳақидаги ёлғон маълумотларни, жумладан, қурбонлар сони, «шунингдек, руслар ва Россия раҳбариятига қарши экстремистик баёнотлар»ни ўчиришни рад этиш, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топган.

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин Россия ҳозирда «ҳудудларини қайтариб олаётганини» айтди.

Маълум бўлишича, Давлат Думасида Марказий банк раиси Эльвира Набиуллина Марказий банк иши бўйича йиллик ҳисоботи тақдим этилган. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захираларини музлатиш масаласи муҳокама қилинаётганда Володин қуйидагиларни айтган:

«Биздан кўп нарса олинган. Ҳозир мамлакат ўз мулкларни ҳам, ҳудудларни ҳам қайтариб олмоқда. Биз пулни ҳам қайтариб оламиз ва улар фоизларини ҳам тўлайди. Биз бунга ишонишимиз керак».

Эслатиб ўтамиз, уруш бошидан бери Россия расмийлари «махсус операция» мақсадига Украинани босиб олиш кирмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Британия яна 26 нафар россиялик жисмоний ва юридик шахсни санкциялар рўйхатига киритди. Қайд этилишича, рўйхатга Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игор Конашенков ҳам киритилган.

Украина бош вазири ўринбосари навбатдаги маҳбуслар алмашинуви ҳақида маълумот берди. Ирина Верешчукнинг сўзларига кўра, 19 киши ортга қайтарлиган: 10 нафар ҳарбий (улардан икки нафари офицер) ва 9 нафари тинч аҳоли вакиллари. Алмаштирилганлар орасида ярадорлар ҳам борлиги айтилган. Россия томони айирбошлаш борасида ҳозирча изоҳ бермаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 9 май куни «Z» ҳарфи туширилган белгиларни ишлатмасликка чақирди.

Қўмита «Z» белгиси бўлган кийим «миллатлараро адоватни қўзғатишга ҳисса қўшишини», шунинг учун ундан 9 май куни фойдаланмасликни сўраган.

Шунингдек, Қўмита ўз баёнотида миллий адоватни қўзғатганлик учун республика қонунчилигида жавобгарлик назарда тутилганини эслатиб ўтган.