Тошкентда 9-қаватдан қулаб тушгани хабар берилган эркак ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди
Тошкентда 21 апрель куни Халқаро бизнес маркази биносининг 9-қаватидан эркак қулаб тушгани хабар берилганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан 11:50 да Юнусобод туманида жойлашган Халқаро ҳамкорлик маркази биносининг 9-қаватидаги чекиш учун мўлжалланган очиқ қисмидан 42 ёшли эркак ўзини пастга ташлаб, ўз жонига қасд қилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ! Бугун содир этилган ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш, иш учун аҳамиятли бўлган из, далил ва бошқа муҳим буюмлар инсон таъсири оқибатида йўқолиши ёки шикаст етказилишини олдини олиш мақсадида, жиноят процессуал қонунчилигига риоя қилган ҳолда воқеа жойи атрофи белгиланган тартибда ўраб олинган ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси тергов ходимлари томонидан кўздан кечирилган», дейилади хабарда.
Аввалроқ Навоийда 53 ёшли эркак набираси билан 4-қаватдаги эскалатордан тушиб кетганди. Шунингдек, Андижонда университетнинг 4-қаватидан тушиб кетган аёл вафот этгани хабар қилинганди.