19:38 | 21.04.22 262

Тошкентдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамширанинг бинога киришига қаршилик қилиб, плакатлар кўтариб чиқди — видео

Пойтахт ҳокими ва Болалар омбудсмани воқеа жойига етиб келган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Марказ-5 да жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилари плакатлар билан кўчага чиқди. Bugun.uz мухбири воқеага жойига бориб, вазиятни ўрганди.

Кадр: Telegram / @Bugunuzlive

Дастлаб ижтимоий тармоқларда Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилар кўчага плакатлар билан чиққани акс этган видеолар тарқалган. Кейинчалик эса, меҳрибонлик уйи ходимлари болаларни бинога олиб кириб кетган.

Nova24 хабар қилишича, Меҳрибонлик уйи ходимларидан бири иш вақти бўлмагани сабаб вазиятга изоҳ беришдан бош тортган. Воқеа жойига журналистлар киритилмаяпти, ҳуқуқ тартибот ходимлари маълумот олишга тўсқинлик қилишмоқда.

Воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими ва болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман етиб келди. Ичкарида йиғилиш бўлаётгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг маълум қилишича, тарбияланувчилар мазкур тарбия муассасаси ҳамшираси З.К ни Меҳрибонлик уйи биносига киришига қаршилик кўрсатмоқчи бўлишган. Муассасага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари зудлик билан етиб келган ҳамда вазиятни юмшатишган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилган.

Аввалроқ Тошкентдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига ўқитувчи зўравонлик қилгани аниқланганди. Шунингдек, шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси мазкур тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилган.