Жаҳон - 0:50 · 21.04.2022

Украинага артиллерия юборадиган давлатлар маълум қилинди

АҚШ, Буюк Британия ва Канада етакчилари Украинага артиллерия юборишга ваъда берди. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.

Фото: «Defence News»

Оқ уй раҳбари Жо Байденга кўра, артиллерия АҚШ Украинага юбормоқчи бўлган навбатдаги қуроллар партиясининг бир қисми бўлади. Канада Бош вазири Жастин Трюдо улар ҳам Украинага оғир артиллерия етказиб беришини, аммо унинг тури ҳақида яқин кунларда маълумот беришини айтган.

Германия канцлери Олаф Шольц Украинага танкга қарши қуроллар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ўқ-дорилар жўнатишини таъкидлаган. Бироқ, у оғир қуроллар ҳақида тўхталмаган. Шольц ва унинг тарафдорлари фикрича, бундай қуроллар етказиб бериш можаронинг кучайиб, бошқа давлатларга тарқалишига сабаб бўлади.

Аввалроқ Украина АҚШдан кемаларга қарши ракеталар сўраганди. Шунингдек, Россия Украинага қурол етказиб берган давлатларга нота юборганди.