Андижон, Жамият - 14:43 · 22.04.2022

Андижонда 4 ёшли бола боғчада вафот этди

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги боғчада 4 ёшли Хушнуд Лутфуллаев уйқу пайтида вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 31-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси кун тартибидаги уйқу вақтида ухлаётганда оламдан ўтган. Ташкилот ҳамширасининг айтишича, эрталабки қабул жараёнида тарбияланувчи Лутфуллаев Хушнудбекда ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаган.

Уйқу вақтида ҳар доимгидек болалар уйқуга ётқизилган ва тарбиячи томонидан тарбияланувчиларни уйқудан уйғотишганда бола ўрнидан турмаган ва дарҳол тез ёрдамга мурожаат қилинган.

Тиббиёт ходимлари томонидан тарбияланувчи тиббий назоратдан ўтказилган. Натижада бола уйқу вақтида оламдан ўтганлиги маълум бўлган. Ҳозирги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув, экспертиза ишлари олиб борилмоқда.

«Экспертиза хулосалари аниқлангач батафсил маълумот берилишини ҳамда ҳолат Мактабгача таълим вазирлиги томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Сергели туманида 17 апрель куни 10-синф ўқувчиси муштлашув оқибатида вафот этганди.