Жаҳон - 10:25 · 22.04.2022

Араб давлатлари вазирлари Қуддусдаги вазиятни муҳокама қилади

Араб давлатлари лигасининг Қуддус бўйича қўмитаси Уммонда Маъбад тоғидаги ҳолат юзасидан йиғилиш ўтказади.

Фото: «Deutsche Welle»

Учрашувда Жазоир, Миср, Иордания, Қатар, Марокаш, Фаластин, Тунис ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари иштирок этади. Йиғилишда, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазири Шайх Абдулла бин Зоид Аль Наҳаён қатнашади.

Аввалроқ Иордания қироли Абдулла II бир қатор араб етакчилари билан телефон орқали боғланиб, улар билан ‘Исроил расмийларининг Қуддусдаги ал-Ақсо масжидига нисбатан ноқонуний чораларига қарши туриш чораларини’ муҳокама қилган. У БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан ҳам музокаралар ўтказган. Абдулла II Исроилнинг провокацион ҳаракатлари Яқин Шарқда тинчликка эришиш ва Фаластин муаммосини ҳал қилиш имкониятларини йўққа чиқаришини айтган.

Ўз навбатида, Иордания бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман ал-Сафадий чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан учрашувда Исроил ‘Шарқий Қуддуснинг тарихий, ҳуқуқий ва демографик ҳолатига қатъий риоя қилиши шарт’ эканини таъкидлаган. Исроил мусулмонлар учун ал-Ақсо масжидига эркин киришни кафолатласа, Маъбад тоғида тинчлик ўрнатилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида мусулмон ва яҳудийлар тўқнашганди. Оқибатда камида 152 фаластинлик жароҳатланган. Исроил полицияси тўқнашувда камида 300 фаластинликни ҳибсга олган. Фаластин манбалари эса уларнинг сони 400 нафарни ташкил қилишини айтмоқда. Томонлар ҳодисада бир-бирини айблаган.

Шундан сўнг, Исроилда мусулмон бўлмаганларнинг ал-Ақсо масжидига бориши тақиқланган.