Жаҳон - 7:35 · 22.04.2022

БМТ Украинани қанча одам тарк этганини маълум қилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинадаги уруш оқибатида 12 миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этганини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.

Фото: «The Guardian»

Маълум қилинишича, қарийб 7 миллион нафар украиналик ички миграцияни амалга оширган, 5 миллион нафари эса қўшни мамлакатларга кетган. «Кўчириш кўлами ва унинг тезлиги жуда катта, аммо биз бу рақамлар ортида ким турганини унутмаслигимиз керак», — деган БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари ўринбосари Келли Клементс.

Таъкидланишича, 2,8 миллиондан ортиқ киши Польшага, 757 мингдан ортиқ украиналиклар Руминияга, 549,8 мингга яқин Россияга кетган. Венгрия 471 минг, Молдова 427 минг, Словакия 342,8 минг ва Беларусь 23,7 минг қочқинни қабул қилган.

Аввалроқ Украинага артиллерия юборадиган давлатлар маълум қилинганди. Шунингдек, Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатлари акс этган харита эълон қилинган.