Жаҳон - 16:37 · 22.04.2022

Британия парламенти мамлакат бош вазирига нисбатан тергов бошлади

Буюк Британия парламенти бош вазир Борис Жонсонга карантин пайтида коронавирус чекловларини бузгани юзасидан тергов бошлади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, депутатлар Имтиёзлар қўмитасининг тергов бошлаш ҳақидаги қарорини маъқуллаган. Терговга бош вазирнинг 2020 йилда умуммиллий карантинда Даунинг-стритдаги ҳукумат қароргоҳида зиёфат уюштиргани сабаб бўлган.

Мухолифатдаги «Лейбористлар» партияси томонидан илгари сурилган терговни бошлаш ташаббуси овоз беришсиз маъқулланган, чунки ҳукмрон Консерватив партиядан бирорта ҳам депутат бундай терговга қарши чиқмаган.

Маълумот ўрнида, аввалроқ ҳукумат аппаратининг иккинчи котиби Сью Грей Жонсоннинг 2020 йил 19 июнь ва Рождество арафасида пандемияда ўз қароргоҳида бўлиб ўтган туғилган куни ҳақидаги ҳисоботини эълон қилган. 12 саҳифалик ҳисоботда Даунинг-стритдаги локдаунда амалга оширилган баъзи ҳаракатларни «оқлаш қийин» экани кўрсатилган.

Жонсон истеъфога чиқишдан бош тортган. У мамлакатнинг обрўсига путур етказаётгани ҳақидаги сўзларга жавоб бериб, бунинг ўрнига Россияга қарши туришга чақирган. «Мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори биз Европада аҳолини эмлаш бўйича илғор бўлганимиз, Буюк Британия ялпи ички маҳсулоти ‘Катта еттилик’нинг қолган мамлакатларига қараганда тезроқ ўсиб бораётганига асосланади. Бу орқали биз Владимир Путинга қарши иттифоқчиларни бирлаштира оламиз. Ҳозир дунё айнан шу нарсага эътибор қаратмоқда», — дея таъкидлаган Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Лондон полицияси Жонсоннинг локдаундаги зиёфати юзасидан тергов бошлаган. Мазкур мавзу 2021 йил декабрь ойида бошланган. «The Guardian» 2020 йил май ойида Жонсон ва унинг рафиқаси Даунинг-стрит боғларида бир нечта амалдорлар қуршовида бўлган суратларини чоп этган. Бу вақтда мамлакатда локдаун бошланганди.

Жумладан, фақат бирга яшамаган икки киши бир-бири билан мулоқот қилиши мумкин эди. Бироқ зиёфатда 19 киши қатнашгани хабар қилинган. Натижада Жонсоннинг рейтинги рекорд даражага тушиб кетган ва бош вазирнинг сиёсий рақиблари уни истеъфога чиқишга ундаган.

Аввалроқ Буюк Британия бош вазири ўзи эълон қилган хавфсизлик қоидаларини бузганди. Шунингдек, унга қарши 2019 йил Кариб денгизидаги таътили сабаб текширув ишлари бошланган.