Жамият, Жаҳон - 21:00 · 22.04.2022

Бугун оқшоми. Ичан қалъадаги 101 та сохта ноёб экспонатлар, боғчада вафот этган болакай, Россиянинг баллистик ракета синови

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Мурод Азимовнинг лавозимидан «в.б» қўшимчаси олиб ташланди — энди у расман Қашқадарё вилояти ҳокими.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қарши шаҳрида халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Мурод Азимов вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди. 2021 йил ноябрь ойидан буён Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Мурод Азимов Бердиалиевич номзодини Шавкат Мирзиёевнинг ўзи тавсия қилган (Президент сессияда қатнашди).

Шундай қилиб, шу йилнинг 22 апрелидан бошлаб Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Азимовнинг лавозимидан қўшимча олиб ташланди, энди тўлақонли лавозимга киришди.

Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги портлашларни кескин қоралади. Шунингдек, у сабаб вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон ТИВ Кобул, Мозори Шариф ва Қундуз шаҳарларида юз берган портлашларни кескин қоралади. Шу билан бирга, буларнинг оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирилди.

Фото: Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги

«Ўзбекистон муқаддас Рамазон ойи кунларида Кобул, Мозори Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралайди.

Тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган зўравонлик ҳаракатлари Афғонистонда барқарор тинчлик ва миллий тотувлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади.

Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди», дейилади хабарда.

Тўрт ёшли боланинг боғчадаги сирли ўлими: Андижонда боғча боласи уйқу пайтида вафот этди.

Фото: «Bugun.uz»

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги 31-сонли боғчада 4 ёшли бола уйқу пайтида вафот этди. Ташкилот ҳамширасининг айтишича, эрталабки қабул жараёнида тарбияланувчи болада ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаган. Уйқу вақтида ҳар доимгидек болалар уйқуга ётқизилган ва тарбиячи томонидан тарбияланувчиларни уйқудан уйғотишганда бола ўрнидан турмаган ва дарҳол тез ёрдамга мурожаат қилинган.

Тиббиёт ходимлари томонидан тарбияланувчи тиббий назоратдан ўтказилган. Натижада бола уйқу вақтида оламдан ўтганлиги маълум бўлган. Ҳозирги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув, экспертиза ишлари олиб борилмоқда. Батафсил маълумот берилади.

Украинадан Ўзбекистонга қайтган талабалар ўқишини соддалашган тартибда кўчиришга рухсат берилди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шу муносабат билан ариза топширган талабалардан 2022 йил 26 апрелдан ўқишни кўчириш истагини билдирган олий таълим муассасасига мурожаат қилишни сўраган.

Бунда ўқишини кўчиришга рухсат берилган фуқароларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда аввалги йилларда таҳсил олиб, сўнгги йилларда талабалар сафидан четлатилган ёки академик таътилда бўлган фуқароларнинг ўқишини кўчиришга рад жавоби берилади.

Бу орада эса Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси 2022 йил 22 апрелдан бошлаб фаолиятини тиклаши маълум бўлди.

Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Туркия ички ишлар вазири билан учрашди. Томонлар Россия–Украина урушини (ҳам) муҳокама қилган.

Фото: «Anadolu»

Туркия ички ишлар вазири 21 апрель куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши бош котиби Виктор Маҳмудов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда томонлар Суриядаги инқироз, Россия ва Украина ўртасидаги уруш, гуманитар ёрдам, терроризм, молиявий жиноятлар ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни муҳокама қилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини тайёрлаш, ноқонуний миграция, табиий офатларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Йиғилишда Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби Сейфулла Ҳажимюфтюўғли ҳам иштирок этган.

«Ана сюрпризу, мана сюрприз»: Ичан қалъа музейидаги 101 та ноёб ашё сохта экани аниқланди. 

Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ҳамда Маданий мерос агентлиги Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонасида олиб борган ўрганишларида давомида музейда бир қатор камчилик ва муаммолар аниқланган. Хусусан, айрим ашёларнинг тавсифларига ўзгартиришлар киритилгани юзасидан асословчи ҳужжатлар мавжуд эмас, деб топилган.

Шунингдек, ноёб ашёлар рўйхатига киритилган экспонатлар хатловдан ўтказилган. Унга кўра, жами 101 та музей ашёси кирим китоби тавсифномаларига ўлчами, материали, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланди.

Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси томонидан ўрганиш якунлари бўйича тегишли хат-ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. Кўрамиз, кузатамиз, буёғи қизиқ бўлади.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу (сохта) экспонатларга атаб карикатура чизди.

Бугун эълон қилинган, ўқиш қатъий тавсия этиладиган мақолалар:

Хўш, оламда нима гап?

Ультиматум: Озарбайжон Арманистон таклиф қилинган тамойилларга асосланган тинчлик шартномасини имзоламаса, унинг ҳудудий яхлитлигини тан олмаслигини билдирди.

Илҳом Алиев Шуша шаҳрида бўлиб ўтган қурултойда шундай деган: «Биз Арманистон билан фақат ўзимиз таклиф қилган бешта асосий тамойил асосида тинчлик келишуви бўйича музокаралар олиб бориш ниятидамиз».

Шунингдек, у айни дамда ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирликлари томонидан ишчи гуруҳлар тузилаётганини айтган. Сиёсатчи, музокараларни кечиктирмаслик ва келишув матнини имкон қадар тезроқ тайёрлаш зарурлигини таъкидлаган.

«NATO’га совға»: Россия илк бор «Сармат» қитъалараро ракетасини синовдан ўтказди. 

Россия Мудофаа вазирлиги «Плесецк» космодромида «Сармат» қитъалараро баллистик ракетаси муваффақиятли учирилганини маълум қилди. Президент Путин жараённи онлайн кузатган.

Фото: Кремль матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, ушбу қурол Россияни ташқи таҳдидлардан ишончли қўриқлайди. Аммо у айнан қайси давлатлар мамлакатга таҳдид солаётганига аниқлик киритмаган.

«Бу ҳақиқатан ноёб қурол бўлиб, қуролли кучларимизнинг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлайди, Россия хавфсизлигини ташқи таҳдидлардан ишончли таъминлайди. Мамлакатимизга таҳдид солмоқчи бўлганларни ўйлашга мажбур қилади», — дейди у.

Синовлардан сўнг «Сармат» стратегик ракета қўшинлари таркибига киради. Путин «Сармат»ни яратишда рус технологияларидан фойдаланилгани, бу муаммосиз ишлаб чиқаришни таъминлашини таъкидлаган. «Роскосмос» директори Дмитрий Рогозин ушбу баллистик ракетани «НАТОга совға» деб атаган.

Олдин бир ният қилгандик: сув, ўт ва баъзи давлат(лар) раҳбар(лар)и балосидан ўзинг асрагин. Унинг ҳар бир банди ҳалигача актуал.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.