Жамият, Қашқадарё - 0:25 · 22.04.2022

«Бундай ишлар туфайли маҳаллаларга нур, маданият киряпти, одамлар ўзгаришларни сезяпти» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Касби туманидаги «Қамаши» маҳалласида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бу ерда 6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларга қулай ижтимоий шароитлар яратиш мақсадида ҳудудда «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилган. Маҳаллага олиб келувчи йўл бўйида 40 дан ортиқ енгил конструкцияли савдо ва хизмат шохобчалари қурилган. Бу орқали 200 нафарга яқин аҳоли ишли бўлган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хонадонлар электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви билан таъминланган. 8 километрдан ортиқ ички йўлларга асфальт, 18 километрдан зиёд қисмига қум-шағал ётқизилган. Давлат раҳбари Обод маҳалла марказидаги шароитларни кўрди, болаларнинг санъат ва спорт тўгаракаларини кузатган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бундай ишлар туфайли маҳаллаларга нур, маданият киряпти, одамлар ўзгаришларни сезяпти. Энди бу марказ халқимизга хизмат қилиши, доим гавжум бўлиши керак. Бу ерда хизматларни кўпайтириш, ёшларни спортга, турли тўгаракларга жалб этиш зарур», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, маҳаллада 2022 йилда 600 нафар хотин-қиз касаначилик асосида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга жалб қилинди. Кооперация асосида 50 та хонадонда инкубатор орқали жўжа кўпайтириш, 300 та хонадонда гўшт, 200 тасида тухум йўналишида паррандачилик ташкил этилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туман фаоллари билан суҳбатда ёшлар таълим-тарбияси, бандлик масаласи ҳақида сўз борган. Давлат раҳбари Касби тумани азалдан ўзига хос кулолчилик ва гиламчилик мактаби билан машҳур бўлиб келганини таъкидлаб, «Ҳунарманд» уюшмасига ҳудудда ушбу йўналишларни ривожлантиришга кўрсатма берган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Амир Темурнинг жанг маҳорати ҳақида гапириб ўтганди. Шунингдек, Президент Қашқадарёда аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказган. Ҳамда оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашганди.