Жаҳон - 22:30 · 22.04.2022

Эвакуация масаласи, Украинага керак бўлган пул, Путиннинг яна бир мулоқоти

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 22 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Associated press»

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатга ҳозирда қанча маблағ керак бўлаётганини айтди. Бу ҳақда у Жаҳон банки форумидаги онлайн мурожаатида маълум қилган.

Унга кўра, Украина иқтисодий йўқотишларни қоплаш учун ойига 7 миллиард доллар ёрдамга муҳтож. Шунингдек, Зеленский мамлакатни қайта тиклаш учун яна юзлаб миллиард доллар кераклигини таъкидлаган.

Луганск вилояти маъмурияти раҳбари россияликларни аҳолини эвакуация қилишни тўхтатганликда айблади.

Сергей Гайдайнинг айтишича, Рубежного аҳолисини эвакуация қилиши керак бўлган автобус рус ҳарбийлари томонидан  ўққа тутилгани сабаб манзилига етиб бора олмаган.

Россиянинг Воронеж вилояти губернатори «Ўлмас полк» қатнашчиларини митингга Украинадаги «махсус операция» иштирокчиларининг портретларини олиб чиқишга чақирди.

«Агар бу йил Воронеж вилоятидаги ‘Ўлмас полк’ формати кенгайса, бу тўғри бўлади. Ғалаба байрамида, акцияда иштирок этишни режалаштираётган вилоят аҳолисига мурожаат қиламан. Нафақат ‘Улуғ Ватан’ уруши жангларининг бевосита иштирокчилари, балки меҳнат фахрийлари, концлагерь асирлари, шунингдек, нацизмга қарши курашнинг замонавий қаҳрамонлари, шу жумладан, Украинадаги ‘махсус операция’ иштирокчиларининг портретларини ҳам олиб чиқинг», — деган Александр Гусев.

Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешук Россия ҳарбийлари тинч аҳолини Мариуполдаги «Азовсталь» комбинатидан эвакуация қилиш учун гуманитар йўлак очишдан бош тортганини айтди.

Верешукнинг сўзларига кўра, саноат зонаси ҳудудида мингга яқин тинч аҳоли, жумладан аёллар, болалар ва қариялар бор.

«Руслар тинч аҳоли учун коридорни очишдан бош тортиб, ўзини ҳарбийларнинг таслим бўлиш йўлаги ва тинч аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлак ўртасидаги фарқни тушунмаётгандек кўрсатмоқда. Уларнинг ҳаммаси буни тушунади. Шунчаки, улар шу йўл билан ҳарбийларимизга қўшимча босим ўтказишга уринмоқда», — деб ёзган Верешук ўзининг Telegram каналида.

Унинг таъкидлашича, комбинатда жойлашган ҳарбийлар таслим бўлмоқчи эмас.

Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат давомида Мишель Путинни фуқароларни эвакуация қилиш учун гуманитар коридорларни очишга чақирган. Шунингдек, Европа Кенгаши раҳбарининг айтишича, у Россия президентига Евроиттифоқ позицияси ўзгаришсиз қолаётганини айтган. Яъни Иттифоқ Украина ва унинг суверенитетини қўллаб-қувватлашда давом этади, шунингдек, Россия агрессиясини қоралайди.