Жамият - 14:28 · 22.04.2022

Ичан қалъа музейидаги 101 та ноёб ашё сохта экани аниқланди — фото

Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ҳамда Маданий мерос агентлиги Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонасида ўрганиш ишларини олиб борди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, ўрганиш давомида музейда бир қатор камчилик ва муаммолар аниқланган. Хусусан, айрим ашёларнинг тавсифларига ўзгартиришлар киритилгани юзасидан асословчи ҳужжатлар мавжуд эмас, деб топилди.

Шунингдек, ноёб ашёлар рўйхатига киритилган экспонатлар хатловдан ўтказилган. Унга кўра, жами 101 та музей ашёси кирим китоби тавсифномаларига ўлчами, материали, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланди.

Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси томонидан ўрганиш якунлари бўйича тегишли хат-ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Аввалроқ «Bugun.uz» мухбири Нукусдаги 65 мингдан зиёд экспонатга эга музей ва Сулаймон Боқирғоний мажмуасидан фоторепортаж тайёрлаганди.