Жаҳон - 15:15 · 22.04.2022

Кипр Алишер Усмоновнинг синглисини «олтин паспорт»дан маҳрум қилади

Кипр тўрт нафар россиялик миллиардер ва уларнинг оила аъзоларини «олтин паспорт»дан маҳрум қилади. Бу ҳақда маҳаллий « Phileleftheros» нашри хабар берди.

Фото: «Glavnoe.ua»

Инвестициялар эвазига бериладиган «олтин паспорт»лар Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова, тадбиркор Олег Дерипаска, «Меркурий» компаниялар гуруҳи президенти Игор Кесаев, «Комсомольская правда» ва РБК медиахолдинги эгаси Григорий Берёзкиндан олинади.

Қайд этилишича, Дерипаска 2017 йилда, Исмоилова 2015 йилда, Берёзкин ва Кесаев 2012 йилда Кипр фуқаролигини олган. «Олтин паспорт» дастури доирасида 6779 нафар хорижлик Кипр фуқаролигини олган бўлиб, улардан 2886 нафари россияликдир. Ҳозир Кипр ҳукумати сармоя эвазига мамлакат фуқаролигини олган 1100 га яқин одамни Украинадаги уруш билан боғлиқ қонунбузарликлар учун текширмоқда.

Аввалроқ Германия Усмонов синглисининг «Dilbar» яхтасини мусодара қилганди. Шунингдек, Франция ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадор 2 та вертолётни ҳибсга олинганди.