Намангандаги мактабда аёл ва ўқитувчилар ўртасида жанжал юз берди — видео
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги 54-мактабда аёл ва ўқитувчилар ўртасида жанжал юз берди. Вилоят Ички ишлар бишқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 19 апрел куни куни туман Ички ишлар бўлими Навбатчилик қисмига тумандаги 54-мактаб ўқитувчиси 102 рақами орқали мактабда жанжал бўлаётгани ҳақида хабар берган.
Ҳодиса жойига ҳудуд профилактика инспектори етиб бориб, мактаб ўқитувчилари ва аёл ўртасида юзага келган тушунмовчиликни бартараф қилган ва зарурий ҳужжатларни расмийлаштирган. Айни вақтда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, мазкур ҳолат Давлатобод туман халқ таълими бўлими томонидан ўрганилган. «Фуқаро Нигорахон Мамадалиева бўлиб ўтган воқеа юзасидан афсусдалиги, таълим муассасаси раҳбарияти ва ўқитувчилардан узр сўрагани, ҳеч қандай адовати йўқлиги ҳамда ҳолат келгусида қайта такрорланмаслигини ўз тушунтириш хатида келтирганлиги билдирилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Термиз давлат университетида талабалар муштлашгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухоро шаҳар ҳокимлиги олдида ўқувчилар ўртасидаги оммавий жанжал юзасидан расмий изоҳ берилган.