Таҳлил - 9:02 · 22.04.2022

Немисча реваншизм, экспанцион манфаатлар, самарасиз халқаро тизим, нацизм. Иккинчи жаҳон урушининг сабаблари

Нафақат, ХХ аср, балки бутун инсоният тарихида энг қонли урушлардан бири бўлган, унда ишлатилган қуроллар олдинги урушлардагидан кескин фарқ қилган, 50 миллиондан ортиқ инсон умрига зомин бўлган Иккинчи жаҳон уруши ҳамон барчани даҳшатга солиб келади. Унда амалга оширилган мисли кўрилмаган жиноятлар, хусусан фашистлар Германиясининг пуч ғояга асосланган тарғиботи, тирик инсонлар устида ўтказган тажрибалари, турли геосиёсий ўйинлар билан тарихга кирган мазкур уруш ҳозиргача энг сўнгги кенг кўламли уруш бўлиб қолмоқда. Сўнгги уч ойда юз берган воқеалар бизни яна ўша уруш ҳақида эслашга мажбур қилмоқда. Зеро, «ўтмишга қараб иш кўриш хайрлик дейдилар». Ўтмишдан ибрат олиш эса бизнинг бугунги бурчимиздир. Шу сабаб бугунги мақолада Иккинчи жаҳон урушини келтириб чиқарган сабаблар ҳақида сўз юритамизки, бугун урушни оқлаб турганлар аслида унинг нима учун амалга оширилиши ҳақида тушунчага эга бўлсин. Қани кетдик!

Тарихчилар Иккинчи жаҳон урушидан олдин юз берган воқеаларни таҳлил қилиб, урушга сабаб бўлган омилларни шу даврдан излайди. Шу сабабли айнан биргина сабаб уруш бошланишига баҳона бўлмаслиги маълум. Одатда бирор бир халқаро можаро юз берса, уни вужудга келтирувчи сабаблар икки хил бўлади. Биринчиси, томонларни тўқнашувга олиб келадиган изчил сабаблар. Иккинчиси, тўқнашувга туртки берадиган сабаб. Масалан, Биринчи жаҳон урушида Австрия-Венгрия шаҳзодаси Франс Фердинанднинг Сербияда ўлдирилиши уруш бошланишига баҳона бўлган эди. Яъни, урушнинг «тугмаси»ни босган эди. Унгача эса барчаси етилиб келган эди. Худди шунга ўхшаб, Иккинчи жаҳон урушининг келтириб чиқарган бир қатор сабаблари бор эди.

Фото: «Radio Canada»

1919 йилги Версал тинчлик шартномаси ва немисча реваншизм

Биринчи жаҳон уруши якунида Германия сўзсиз таслим бўлишга мажбур бўлди. Шундан кейин ғолиб давлатлар ва мағлублар ўртасида бир нечта шартномалар имзоланди. Шулардан бири Версал тинчлик шартномаси эди. Ушбу шартномага мувофиқ Буюк Британия, Франция, Бельгия, Япония ва АҚШ Германиянинг собиқ колонияларини мандат асосида тақсимлаб олди. Бундан ташқари Германияга оғир ўлпон тўлаш мажбурияти ҳам қўйилди. Немис халқи эса бундай шартларни оғир дея ҳисоблади. Чунки Германия товон сифатида 132 миллион марка олтин ҳисобида тўлаши белгиланди. Бу эса давлатни гиперинфляцияга йўллади. 1929 йилги инқироз мамлакат аҳволини танг аҳволга олиб келди. Мамлакат армияси 100 минг киши этиб белгиланди. Мамлакатнинг Франция билан чегаралари демилитаризация қилинди. 1870-1871 йиллардаги Франция-Пруссия урушида Бисмарк олиб қўйган Франция ҳудудлари қайтариб берилди. Буларнинг барчаси немисларда реванш ҳиссини уйғотди ва бу нацизм пайдо бўлишига олиб келди.

Биринчи жаҳон урушидан кейин Европа харитаси бутунлай ўзгариб кетди. Марказий Европада миллатга асосланган майда давлатлар тузилди. Россия империяси тарих саҳнасидан кетди ва унинг ўрнига янги империя пайдо бўлди. 1922 йилда ташкил этилган СССР кейинчалик дунёнинг энг қудратли империяларидан бирига айланди ва Иккинчи жаҳон урушининг асосий иштирокчиси ва бошловчиларидан бири бўлди.

Гитлер ўзидан олдинги ҳукуматлар сингари Версал тинчлик шартномасини қайта кўриб чиқиш тарафдорларидан эди. Бу истак бутун миллат истаги ўлароқ ифодаланди. Ҳатто Гитлернинг мухолифлари ҳам буни қўллаб-қувватлади. Бу орада Гитлер «орийлар учун ер» ғояси асосида тарафдорларини янги ерларни эгаллашга даъват эта бошлади. 1933 йилда ҳокимиятга келган Гитлер умумий мажбурий ҳарбий хизматни жорий қилди.

Фашистлар Италияда!

Фото: «Britannica»

1922 йилда Италия қироллигида ҳукумат Бенито Муссолини бошлиқ фашистлар қўлига ўтди. Муссолини эса Африка ва Европадаги бир қатор ҳудудларга даъво қилди. 1936 йилда Эфиопияни эгаллаган Италия, Миллатлар лигасидан чиқди ва нацистлар Германияси билан яқинлашди. 1939 йилда эса Албанияни эгаллаб, у ерда Италия протекторатини ўрнатди. Биринчи жаҳон урушидан ғолиблар сафида чиққан бўлишига қарамай, Италия қийин иқтисодий аҳволга тушиб қолди. Мамлакатда коммунистик инқилобдан ҳадиксираган ўнглар Муссолинини ҳокимиятга олиб келишга мажбур бўлган эди.

Учлар Иттифоқи (Германия, Италия, Япония)нинг экспанционистик манфаатлари

Ушбу учта давлат ўз ҳудудларини халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда кенгайтириш сиёсатини олиб борди. Германия 1930 йилларда Чехославакиянинг Судет вилоятини ва Австрияни босиб олди. Бундан хавотирга тушган Франция ва Буюк Британия раҳбарлари Мюнхенда Гитлер билан учрашди. Невил Чемберлен ва Эдуард Даладе Гитлерни тинчлантириш сиёсатини олиб борди ва унинг Судет ва Австрияни эгаллашига кўз юмди. Шу билан бирга улар Гитлернинг шу ҳудудлар билан кифояланишига ишонди.

Юқорида айтганимиздек, Италия Эфиопия ва Албанияни эгаллади. Япония эса 1931 йил Манчжурияга қўшин киритди, 1937 йилдан бошлаб эса Хитой ҳудудига киришни бошлади. Айрим тарихчилар Иккинчи жаҳон урушининг бошланишини айнан Япониянинг Хитойга ҳужумидан деб ҳисоблайди.

Фото: «Wikimedia Common»

Халқаро ҳамжамиятнинг самарасизлиги

Биринчи жаҳон уруши тугагач келажакдаги урушларнинг олдини олиш мақсадида Миллатлар лигаси номини олган халқаро ташкилот тузилган эди. Аммо амалда у ҳеч қандай фойда келтирмади. Италия, Япония, Германия, СССР аннексияларига халақит қилмади. Ундан ташқари Буюк Британия ва Франция ҳукуматларининг Гитлерни тинчлантириш сиёсати, Австрия ва Чехославакиянинг қурбонликка келтирилиши дунёни янги урушга тобора етаклаб борди.

Бу орада СССР ўз хавфсизлигининг кафолати сифатида, Германия билан 1939 йил 29 август куни тарихда Молотов-Риббентроп пакти деб ном олган ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида келишув имзолади. Бу келишув бўйича, икки давлатдан бири учинчи давлат ҳужумига учраса ёки урушга кирса, бир-бирига қарши ҳужум қилмаслиги керак эди. Бундан ташқари, ушбу келишувнинг махфий моддасига кўра, Польша икки давлат ўртасида бўлиб олиниши керак эди.

Худди шунга ўхшаш, нейтралитет ҳақидаги шартнома Япония билан 1941 йил 13 апрель куни имзоланди. Бу пайтга келиб СССР Болтиқбўйи давлатларини ва Полшанинг шарқий қисмини эгаллаган эди.

Фото: «Wikipedia»

Шу тариқа Европа 1939 йил август ойига келиб уруш ўчоғига айланди ва Германиянинг 1939 йил 1 сентябрь куни Полшага ҳужуми билан Иккинчи жаҳон урушига старт берилди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади