Сиёсат - 18:02 · 22.04.2022

Озарбайжон президенти Арманистонга ультиматум қўйди

Озарбайжон Арманистон таклиф қилинган тамойилларга асосланган тинчлик шартномасини имзоламаса, унинг ҳудудий яхлитлигини тан олмаслигини билдирди. Бу ҳақда «Armenia Today» хабар берди.

Фото: «Middle East Monitor»

Мамлакат президенти Илҳом Алиев Шуша шаҳрида бўлиб ўтган қурултойда мазкур масала юзасидан гапирган. «Биз Арманистон билан фақат ўзимиз таклиф қилган бешта асосий тамойил асосида тинчлик келишуви бўйича музокаралар олиб бориш ниятидамиз», — деган президент.

Шунингдек, у айни дамда ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирликлари томонидан ишчи гуруҳлар тузилаётганини айтган. Сиёсатчи, музокараларни кечиктирмаслик ва келишув матнини имкон қадар тезроқ тайёрлаш зарурлигини таъкидлаган.

Президент келишувнинг имзоланиши Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар, хусусан, дипломатик алоқаларни ўрнатишга ёрдам бериши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ Илҳом Алиев талаб бажарилмаса, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги тан олинмаслигини айтганди. Шунингдек, Озарбайжон Қорабоғда оммавий қабрлар топилганини эълон қилганди.