Жамият - 10:50 · 22.04.2022

Ўзбекистонда касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга кафиллик ва субсидия ажратилади

«Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ахборот каналида маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қарорга кўра, 2022 йил 1 июлдан касаначиликни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилади. 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача:

  • касаначиларга даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, 1 ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;
  • касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади;
  • олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда (жами 252 та) касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга дастлабки 3 ойдаги фаолияти учун 1 ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан касаначилар сони камида 10 нафар бўлган тадбиркорларга кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик берилади.

Қўшимча қилишича, 1 июлдан 2025 йил 1 январгача «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача (2 миллион 700 минг сўмгача) миқдорида субсидия ажратилади. Шунингдек, «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси таркибида мавсумий ва касаначилик ишлари портали ишга туширилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилиши ҳақида хабар берилганди. Ҳар ой якунида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақиқатдан ишлаётгани мониторинг қилиб борилади.