17:10 | 22.04.22 301

Рейтинг. Туман ҳокимларидан вазир ўринбосарларигача — энг ёш амалдорлар

Bugun.uz ёш кадрларнинг биографияси билан таништиради

Ўзбек жамиятида ёш кадрлар бошқа жабҳаларга кириб боргани каби сиёсат, бошқарув ишларига ҳам қизғин тортилмоқда. Сўнгги йилларда вазирлик ва идоралардаги етакчи лавозимларга кўплаб ёш раҳбарлар тайинланди. Бугунги кунда 24 нафар вазирликдан 10 нафарини 40 ёшдан 45 ёшгача бўлган раҳбарлар бошқариб келаётганини ҳам юқори лавозим эгалари тобора «ёшариб бораётгани»нинг ифодаси деса бўлади. Бугунги рейтингимизда эътиборингизга мамлакатимизда раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётган 35 ёшгача бўлган кадрлар ҳақидаги маълумотларни ҳавола этамиз.

9. Абатбай Данияров — 35 ёш. 1987 йил 7 августда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. 2008 йилда Нукус давлат педагогика институтини тамомлаган. Касби инглиз тили ўқитувчиси.

Фото: «Газета.uz»

Бугунги кунда у Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари қўмитаси раиси, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи ҳисобланади.

Шохжаҳон Абдуллаев — 35 ёш. 1987 йилнинг 19 январида Олтинсой туманида туғилган. 2009 йилда Термиз давлат университети, 2020 йилда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида турли йилларда вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, Шўрчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи, 2020 йилдан вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. Ҳозирда Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.

Қурбон Турсунов — 35 ёш. 1987 йил 5 август куни Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2009 йил Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технология институтини тамомлаган. 2020-2021 йилларда «Бухоро вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси» бошлиғи лавозимида ишлаган.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

2021 йил 2 мартидан ҳозирга қадар Турсунов уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари вазифасини бажариб келмоқда.

Рустам Каримжонов — 35 ёш. 1987 йил 10 декабрь куни Қирғизистон Республикасида таваллуд топган. 2009 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини ва 2011 йилда Халқаро Солбридж университетини (Корея Республикаси) тамомлаган.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

2016-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникасияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот-коммуникасия технологияларини ривожлантиришни стратегик режалаштириш ва ахборот технологияларининг конвергенцияси бўлими бошлиғи, 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникасияларини ривожлантириш вазирлиги Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи, 2018 йилда бир муддат Халқ таълими вазирлиги Таълим соҳасида ислоҳотларни стратегик таҳлил ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг «Инновация, технология ва стратегия» маркази ДУК директори лавозимларида ишлаган.

Бугунги кунда Халқ таълими вазири ўринбосари сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Умид Абидхаджаев — 35 ёш. 1987 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2009 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетини, 2014 йилда Япониянинг Кеё университети магистратурасини, 2017 йилда Кеё университетининг иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2019 йил октябрь ойидан Иқтисодий тадаиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Фото: «Strategy.uz»

2021 йилнинг май ойидан бошлаб Ўзбекистон Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори лавозимида ишлаб келмоқда.

8. Бобур Абдуллаев — 34 ёш. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 декабрдаги қарорига кўра Тошкент шаҳридаги Амити университетининг бошқаруви директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Меҳнат фаолиятини «Ўзбектелеком» компаниясида бошлаган Бобур Абдуллаев турли йилларда АКТ вазирлигида масъул вазифаларда, шунингдек, «O‘zInfoCom» ягона интеграторида директор ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар АКТ вазирлигининг Ахборот-коммуникасия технологиялари соҳасини стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган.

Олег Пекос — 34 ёш. 1988 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июндаги қарорига мувофиқ, Пекос Олег Андреевич Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. У бу вақтга қадар «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «Телекоммуникация транспорт тармоғи» филиали директори лавозимида фаолият кўрсатиб келган.

Шу билан бирга, у фаолияти давомида «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясида бир қатор раҳбар лавозимларида меҳнат қилган. Олег Пекос Санкт-Петербург давлат телекоммуникациялар университетида «Ахборот тизимлари ва технологиялари муҳандиси» мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Элбек Шукуров — 34 ёш. 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 2009 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2005 йилда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатида бошлаган, бир неча йил турли лавозимларда, шу жумладан, Тошкент шаҳар кенгаши раиси сифатида ишлаган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари бўлган. 2017 йил июлдан 2018 йил августгача Ёшлар иттифоқининг Тошкент кенгашини бошқарган, пойтахт ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. 2018-2020 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2020 йилда бир муддат Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган ва шу йил 25 августидан Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳокими вазифасини бажармоқда.

Ҳилола Умарова — 34 ёш. 1988 йил 9 август санасида Германиянинг Ваймер шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бакалавр ва магистратура босқичларида таҳсил олган.

Фото: «piima.uz»

2018 йил 1 ноябрдан Тошкент шаҳридаги Инха университетининг фаол тадбиркорлик, инновасион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича бош менежери лавозимида ишлаб келган. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони давлат мукофати билан тақдирланган. Бир муддат Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган ахборот-коммуникасия технологиялари мактабининг директори лавозимида ишлаб келган Ҳилола Умарова 2020 йил 9 октябрда Махсус ва президент мактабларини ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланди.

7. Дурдона Раҳимова — 33 ёш. 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2013 йилда Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

2012-2013 йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Жиззах вилояти Кенгаши иқтидорли ёшлар ва ёш олимлар билан ишлаш бўлими мудири, 2013-2017 йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши аппарати Республика «Камалак» болалар ташкилоти бош мутахассиси, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши аппарати «Камалак» болалар ташкилоти бўлими мудири, 2019 йилда бир муддат Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши аппарати Бошланғич ташкилот етакчилари билан ишлаш бўлими бошлиғи, 2019-2020 йилларда Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши раисилавозимларида фаолият олиб борган.

2020 йилдан ҳозирги вақтга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасини бажариб келмоқда.

Хушнудбек Худойбердиев — 33 ёш. 1989 йил 7 июнда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Миллати ўзбек. Тошкент давлат юридик университетининг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган.

Фотo: «Газета.uz»

2010-2013 йилларда Тошкент давлат юридик университетида ўқитувчи, 2013-2017 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерасияси кенгаши юридик бўлими юристконсулти сифатида ишлаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 декабрдаги 1037-сон қарори асосида Республика олий таълим кенгаши аъзоси этиб тайинланган. У 2020 йил 28 январдан 1 июлгача Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори сифатида фаолият олиб борди.

2020 йил 1 июлдан Вазирлар Маҳкамасининг 415-сон қарори асосида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги директорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келяпти.

Сарварбек Султонов — 33 ёш. 1989 йилнинг 19 июлда Оқолтин туманида туғилган. 2011 йилда Гулистон давлат университети, 2013 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети магистатурасини тамомлаган. «Дўстлик» ордени соҳиби.

Меҳнат фаолияти давомида турли йилларда Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати «Етакчи» ёшлар ўқув маркази Сирдарё вилояти координатори, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири, Сирдарё вилояти Оқолтин тумани халқ таълими муассасалар фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими услубчиси, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Оқолтин тумани Кенгаши раиси, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2020 йилдан Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ҳокими вазифасини бажармоқда.

6. Юсуф Абсоатов — 32 ёш. 1990 йилда туғилган. 2012-2016 йилларда Ўзбекистон Миллий университети талабаси, 2013-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида кимё фани бўйича эксперт, 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Миллий университети кимё факультети магистратура талабаси бўлган.

2020 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ахборот технологиялари ва ёшлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

5. Олимжон Тўйчиев — 31 ёш. 1991 йил Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2015 йил машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражаси ва 2017 йили мехатроника йўналиши бўйича магистрлик даражасига эга бўлган. 2016-2017 йилларда Германиянинг Ҳофенҳайм университетида ҳам таҳсил олган.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, у 2013 йил овоз орқали масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратиб, фан ва техника соҳасида, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштириш йўлида қўшган ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

2017 йилда Олимжон Тўйчиев «Камолот» ЁИҲ қурултойида Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган эди. Кейинроқ бир муддат Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Олимжон Тўйчиев 2021 йилдан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси бош директори лавозимини эгаллади.

4. Дилноза Каттахонова — 30 ёш. 1992 йилда туғилган, Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси ҳисобланади.

Фото: «uzlidep.uz»

У муқаддам Хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси сифатида фаолият олиб борган. 2020 йилнинг 10 июль куни Дилноза Каттахонова Ёшлар иттифоқи биносида президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов раислигида ўтган йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди.

3. Шерзод Раҳмонов — 29 ёш. 1993 йил 25 июлда Бухорода туғилган. 2016 йилда Бухоро давлат университетини биология ва кимё мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2009 йилда «Шухрат-Машсервис» маъсулияти чекланган компаниясининг компьютер оператори сифатида иш бошлаган.  2011 йилдан 2017 йилгача у ушбу компаниянинг ижрочи директори, сўнгра раҳбари бўлган.

2018 йилдан буён у «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси филиалининг раҳбари ва минтақавий координатори ҳисобланади.

2. Алишер Садуллаев  — 28 ёш. 1994 йилда Жиззах туманида таваллуд топган. 2017 йилда Тошкент шаҳридаги Cингапур менежментни ривожлантириш институтининг бакалавр даражасини тамомлаган.

Фото: «Bugun.uz»

2015-2017 йилларда Тошкент шаҳридаги «Result» ўқув маркази раҳбари сифатида фаолият юритган. 2017 йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари этиб тайинланган. 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. 2019 йил 29 августдан ҳозирга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (эндиликда Ёшлар ишлари агентлиги) раиси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Алишер Садуллаев 2019 йил 29 августдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари саналади.

2020 йил 17 январда Ўзбекистон Президенти томонидан Сенат аъзоси этиб тайинланган. 2020 йил 10 июлда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги этиб қайта ташкил этилди, Алишер Саъдуллаев агентлик директори этиб тайинланди.

1. Меҳриноз Аббосова — 27 ёш. 1995 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети ҳамда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг Олий адабиёт курсини тамомлаган.

Фото: «Oyina.uz»

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан «Мен ёшликман», «Юлдузранг қўшиқлар» номли китоблари чоп этилган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти, «Шуҳрат» медали соҳибаси саналади. Бир неча йиллар давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи таркибида ташкил этилган Ёш ижодкорлар кенгашига раҳбарлик қилган.

Ҳозирда у Ёшлар ишлари агентлиги директорининг Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.