Жаҳон - 16:05 · 22.04.2022

Россияда ўзбекистонлик йигит умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди — видео

Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида бир оиланинг тўрт аъзосини ўлдирган 27 ёшли ўзбекистонлик йигит умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда мамлакат Тергов қўмитаси хабар берди.

Кадр: «Известия»

Суд ҳукмига кўра, судланувчига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, у жазони махсус режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди. Йигит 2021 йил 28 февралда бутун оилани, жумладан, болани ўлдирган. Орадан бир-икки кун ўтиб, айбланувчи Ўзбекистон фуқароси Ш.А ҳибсга олинган.

Терговчилар айбланувчининг бир неча йиллардан бери Нижний Новгороднинг Кудма қишлоғида жойлашган уйларда ёрдамчи ишчи бўлганини аниқлаган. У гаражда 63 ёшли нафақахўрга ҳужум қилиб, уни пичоқ билан уриб, илмоқ билан бўғиб ўлдирган.

Шундан сўнг йигит марҳумнинг уйига кириб, унинг 62 ёшли хотинини урган, сўнг уй эгаларининг 41 ёшли қизи ва уларнинг олти яшар набирасига ҳужум қилган. Ҳодиса оқибатида улар вафот этган. Бундан ташқари, айбланувчи нақд пул ва қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаб, сўнг жиноят жойидан қочиб кетган. Эртаси куни у Владимир вилоятида ҳибсга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ундан 35 миллион рублдан ортиқ пулни мусодара қилган.

Қўлга олинган 27 ёшли шахсга нисбатан «Икки ёки ундан ортиқ шахсни, вояга етмаган болани ўлдириш» ва «Ўғрилик» моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Россияда давлатлараро қидирувдаги ўзбекистонлик йигит қўлга олинганди. Шунингдек, мамлакатда давлатлараро қидирувдаги ўзбекистонлик аёл аниқланган.