Жаҳон - 19:29 · 22.04.2022

Таиланд эмланган сайёҳлар учун ковид талабини юмшатди

Таиланд 1 майдан бошлаб эмланган саёҳатчилар учун барча COVID-19 тестларини бекор қилади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Новости Таиланда»

Коронавирус тарқалишини назорат қилиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳукуматнинг расмий вакили Тхависин Висануйотхин бу бўйича маълумот берган.

«1 майдан бошлаб Таиландга чет элдан келишнинг ягона шарти эмланганликни тасдиқлаш бўлади. Шунингдек, коронавирус бўйича тиббий суғурта керак бўлади, унинг минимал миқдори 10 минг долларгача қисқартирилган», — дейди у.

Эмланганлар учун ковидга тест топширишни бекор қилиш сайёҳлардан меҳмонхонани олдиндан бронь қилиш ва бунинг учун пул тўлашни талаб қилмайди.

«Аммо биз эмланган сайёҳларга ўз хавфсизлиги учун Таиландга келган кунида COVID-19 учун экспресс-тест ўтказишни тавсия қиламиз. Агар натижа ижобий бўлса, улар суғурта остида зарур тиббий ёрдам олиши мумкин», — дейди Висануйотхин.

Аввалроқ Таиланд коронавирус сабабли сайёҳлар учун янги талаб ўрнатганди. Шунингдек, Таиландда ковидга чалинган сайёҳлар орасида ўзбеклар етакчи ўринни эгаллаганди.