Украинадан Ўзбекистонга қайтган талабалар ўқишини соддалашган тартибда кўчиришга рухсат берилди
Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан Украинадан қайтиб, республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқароларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг ўқишини соддалаштирилган тартибда кўчиришга рухсат берилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хабар беришича, шу муносабат билан ариза топширган талабалар 2022 йил 26 апрелдан ўқишни кўчириш истагини билдирган олий таълим муассасасига мурожаат қилишлари сўралади.
Бунда ўқишини кўчиришга рухсат берилган фуқароларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда аввалги йилларда таҳсил олиб, сўнгги йилларда талабалар сафидан четлатилган ёки академик таътилда бўлган фуқароларнинг ўқишини кўчиришга рад жавоби берилади.
Эслатиб ўтамиз, 8 апрель куни Олий таълим вазирлиги 2022/2023 ўқув йили учун Ўзбекистонга ўқишни кўчириш бўйича ўтиш балларини эълон қилганди.