Жамият, Қашқадарё - 13:03 · 22.04.2022

«Йўллар ва кўприкларни таъмирлаш ишлари сифатли амалга оширилиши лозим» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Қашқадарёга борганди. Давлат раҳбари Қарши шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент йиғилишда нутқ сўзлаб, вилоятда ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича қатор таклифлар берди. Келтирилишича, 337 миллиард сўм ҳисобидан ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш бўйича лойиҳаларни бир ҳафта муддатда бошлаши керак.

Шунингдек, қўшимча ажратилаётган 125 миллиард сўмга Косон, Нишон ва Касби туманларидаги 150 километр яроқсиз лотокларни алмаштирилиши айтилди.

«Қўшимча ажратилган 354 миллиард сўм эвазига йўллар ва кўприкларни таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириши лозим», — дейди Президент.

Китоб туманидаги Ургут эркин иқтисодий зонаси филиали ҳудуди орқали 15 километр темир йўл қуришига бюджетдан 50 миллиард сўм берилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, бир ойда Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 25 минг гектар ерларни сув билан таъминлаш учун 365 миллиард сўмлик «Аёқчисой» сел сув омборини қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Косондаги «Ишга марҳамат» мономарказига ташриф буюргани ҳамда у ерда йигит-қизлар билан суҳбатлагани ҳақида хабар берилганди.