Жамият - 9:51 · 22.04.2022

Ёпиқ қозонимиз қачон очилади?

Сўнгги кунларда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан боғлиқ хабарлар, вазирликнинг эса бошқа бир вазирлик билан қўшиб юборилиши ҳақидаги маълумотлар интернетда кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги вазият ҳақида ҳам турли хил муносабатлар янграмоқда. 

Қуйида «Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов очиқлик сиёсати ҳамда унинг жамият ривожидаги ўрни ҳақида фикр юритади.

Коллаж: «Bugun.uz»

Унинг таъкидлашича, ташқи ишлар вазири лавозимидан расман истеъфога чиқмаган, касаллиги учун даволанишга кетгани айтилган Абдулазиз Комиловнинг ҳозир қаерда экани ҳақидаги савол билан вазирликка мурожаат қилишганида, Комиловнинг қаерда эканини билмасликлари айтилган. 

«Тасаввур қиляпсизми, ҳали бўшатилмаган вазирнинг ишхонасидагилар ҳам унинг қаерда эканини билмайди. Агар ишдан бўшатилган бўлса, бу ҳақда расмий хабар беришса, олам гулистон эди.

Кеча Толибон расмийлари ИШИД террорчилик ташкилотининг Хуросон бўлими Ўзбекистон ҳудудини ракеталар ёрдамида ўққа тутишга урингани, бироқ снарядлар ўзбек чегарасигача етиб бормаганини маълум қилди. Бир кун олдин эса бизникилар чегарада умуман ҳеч нарса содир бўлмагани ҳақида ёзишганди. Толибон баёнотида вазият сал бошқачароқ бўлганини кўриш мумкин.

2 кун илгари Самарқанд ва Жиззахда кучли ёмғир сабаб ҳудудларга сел келиши кузатилди. Айниқса, Жиззахнинг Фориш туманидаги сел жиддий талафотлар келтирди ва ФВВ хабарига кўра, бу офат 4 кишининг ҳаётига зомин бўлди», — дея мисоллар келтириб ўтган таҳририятлар раҳбари.

Қайд этилишича, тепада эсланган иккита хабар бўйича шу қадар кўп миш-мишлар тарқалганки, қайси бирига ишониш мумкину, қайси ҳақиқат, қайси уйдирма ажратиб бўлмай қолган. Сел мавзусида ҳам аслида миш-мишлар болалаши мумкин бўлган, аммо ФВВнинг вақтида берган маълумотлари, қурбонлар ҳақидаги хабарлари ортидан бу борада миш-мишлар ўша заҳоти тўхтаган.

«Очиқлик ҳақида кўп гапирамиз, давлат раҳбари ҳам очиқлик бугунги давр талаби эканини айтади. Бутун Ўзбекистонда чироқ ўчганида эсланг, бирламчи вазифалардан бири вазият ҳақида тинимсиз ахборот бериб бориш бўлганди. Бу қайсидир маънода ҳар хил гап-сўзлар тарқалиб кетишининг олдини олган. Аслида, бошқа йўл ҳам йўқ. Сиз бирор воқеани қанчалик беркитишга уринманг, бугунги ривожланган интернет замонида барибир унинг иситмаси чиқиб келаверади. Миш-мишлар, бунинг ортидан эса ваҳималар уйғонаверади. Одатий поезд йўли орқали ташиладиган техникалар ҳам катта ваҳима билан қабул қилинади. Биздан унча узоқ бўлмаган ҳудудларда содир бўлаётган воқеалар фонида эса ваҳима янада катталашиб боради.

Албатта, берилган маълумотлар, хабар ёки статистикалар ёлғондан иборат бўлмаслиги ҳам муҳим. Статқўм берган қайсидир кўрсаткич билан эртаси куни Марказий банк берган худди шу маълумот бўйича рақамлар бутунлай фарқ қиладиган бўлса, уларнинг ҳам фойдадан зарари кўпроқ бўлади. Икки давлат ташкилоти бир-бирини ёлғон статистикаю, «чизилган» ҳисоботлар билан алдаб юрса, ҳеч нарса ўзгармайди. Тайинли, ишончли инфолар йўқ жойда эса биз ҳар куни ўқиётган порахўр, коррупционер ёки одамлар пулини осон ўзлаштирадиган фирибгарлар кўпаяверади», — деб хулоса қилинган хабарда.