Андижон, Жамият - 13:16 · 23.04.2022

Андижонда боғчада уйқу вақтида вафот этган бола ишини прокуратура текширмоқда

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги боғчада 4 ёшли Х.Л. уйқу пайтида вафот этганди. Бош прокуратура матбуот котиби «Bugun.uz»га ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Боғчада тарбияланувчи кун тартибидаги уйқу вақтида ухлаётганда оламдан ўтганди. Ташкилот ҳамширасининг айтишича, эрталабки қабул жараёнида тарбияланувчи Л.Х.да ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаган.

Уйқу вақтида ҳар доимгидек болалар уйқуга ётқизилган ва тарбиячи томонидан тарбияланувчиларни уйқудан уйғотишганда бола ўрнидан турмаган ва дарҳол тез ёрдамга мурожаат қилинган.

Тиббиёт ходимлари томонидан тарбияланувчи тиббий назоратдан ўтказилган. Натижада бола уйқу вақтида оламдан ўтгани маълум бўлган. Ҳозирги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув, экспертиза ишлари олиб борилмоқда.

«Экспертиза хулосалари аниқлангач батафсил маълумот берилишини ҳамда ҳолат Мактабгача таълим вазирлиги томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Келтирилишича, мазкур ҳолат туман прокуратураси томонидан текширилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

«Бош прокуратура жамоаси оғир жудоликка учраган марҳумнинг ота-онаси ва яқин қариндошларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдиради», — дейилади хабарда.

Bugun — LIVE