Жаҳон, Илм-фан - 11:55 · 23.04.2022

АҚШ енгил металл олиш учун Ойга ядровий зарба беришни кўзлагани маълум бўлди

АҚШ ҳукумати томонидан очиқланган махфий ҳужжатда Вашингтон бир пайтлар Ойга ядровий зарба бермоқчи бўлгани маълум бўлди. Бу ҳақда «The Independent» хабар берди.

Фото: «WEIRD»

Келтирилишича, бу режа Advanced Aerospace Threat Identification Program (AATIP — Аэрокосмик таҳдидларни аниқлашнинг илғор дастури) доирасида тузилган ва у 2007—2012 йиллар оралиғида ишлаб чиқилган. Бироқ дастур 2017 йилда унинг собиқ директори Мудофаа вазирлигидан истеъфога чиққанидан кейин жамоатчиликка маълум бўлган.

АҚШнинг Ойга ядровий зарба беришни режалаштиргани ҳақидаги ҳужжатлар 1600 саҳифали ҳисобот, таклифлар, шартнома ва йиғилишдан қайдномаларни ўз ичига олади. Махфий ҳужжатлар Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун сўровига биноан оммага эълон қилинган. Унда AATIP биринчи йили 10 миллион доллар маблағ олгани келтирилган.

«Ҳозирги муваффақият суръатини ҳисобга олсак, ушбу мавзуларни доимий ўрганиш технологик тараққиётга олиб келиши мумкин. Бу эса яқин келажакда фавқулодда ҳимояни талаб қилади. Олинган технологик тушунча ва қобилият АҚШга ҳар қандай ташқи таҳдидларга нисбатан устунлик беради ва мамлакатни жаҳон етакчиси сифатида сақлаб қолади», — дейди AATIP асосчиси собиқ сенатор Гарри Рид.

Таъкидланишича, дастурда енгил металларни олиш учун ядро зарбаси ёрдамида Ой орқали туннель очиш кўзланган, бироқ AATIP номаълум учувчи жисмларни ўрганишга ҳам эътибор қаратган. Металл қазиб олиш концепцияси Ойнинг марказида 100 минг баравар енгилроқ металлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғоядан илҳомланилган.

Дастур номаълум учар жисмлар кузатувларини ўрганишга ҳам эътибор қаратгани сабаб Рид 2017 йилда Пентагондан нафақага чиққанидан кейин бир нечта видеоларни оммага эълон қилган. Агар Ойдан металл қазиб олиш ғояси «аҳмоқона» бўлса, бошқа лойиҳалар ундан ҳам устун бўлиши мумкин. Жумладан, Вашингтон космосда оламлар бўйлаб саёҳат қилиш учун туннель ва кўринмас плашлар ишлаб чиқиш лойиҳаларини молиялаштирган. Ушбу лойиҳаларнинг барчаси ҳозирда тугатилган бўлсада, уларнинг ҳаётийлигини муҳокама қилиш учун бир қатор мудофаа разведкаси ҳужжатлари тайёрланган.

Аввалроқ NASA раҳбари ўзга сайёраликлар борлиги ҳақида гапирганди. Шунингдек, америкалик олим ўзга сайёраликлар билан шартнома тузишга чақирганди.