Жаҳон, Сиёсат - 0:27 · 23.04.2022

Байден Россия кемаларининг АҚШ портларига киришини тақиқлади

АҚШ президенти Жо Байден Россия байроғи остида ҳаракатланувчи кемаларнинг мамлакат портларига киришини тақиқлади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Байден Оқ уйда Украинадаги воқеалар ва АҚШ томонидан кўрсатилаётган ёрдам ҳақидаги нутқида бу бўйича гапирган.

«АҚШ Европа каби Россияга алоқадор кемаларни портларида ҳаракатланишини тақиқлайди. Бу Россия байроғи остида ҳаракатланадиган, россияликка тегишли ҳар қандай кема АҚШ портларига ёки қирғоқларига киритилмаслигини англатади», — деган Байден.

Тақиқ «Россия ҳукумати, россиялик фуқаро ёки мамлакатнинг доимий резиденти»нинг кемаларига нисбатан қўлланилади. У кемадан фойдаланиши бўйича жавобгарликка эга Россия компанияси, фуқароси ёки доимий резидентига ҳам алоқадор бўлади.

Бундан ташқари? бир қатор истисно ҳолатлар ҳам кўзда тутилган:

  • Россия билан боғлиқ кема «ядровий материаллар ва ядровий қўшимча маҳсулотлар»ни олиб ўтаётган бўлса;
  • Экипаж аъзолари тиббий сабабларга кўра ёки «бошқа гуманитар сабабларга кўра» қирғоққа чиқиши зарур бўлган фавқулодда ҳолат.

Байден тақиқни эълон қилар экан, Россиянинг Украинага бостириб киришини тўхтатиш зарурлигини айтган.

«Биз қароримизни сусайтирмаймиз. Украинанинг жасур ва мағрур халқини қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Эркинликни ҳимоя қилиш ва зулмга қарши туришдан асло воз кечмаймиз», — деган Байден.

Таъкидланишича, Оқ уй раҳбарининг буйруғи 28 апрелдан кучга киради.

Аввалроқ Жо Байден Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб атаганди. Шунингдек, АҚШ раҳбари Россиядан нефть ва газ импортини тақиқловчи қонунни имзолаганди.