Жамият, Илм-фан - 22:34 · 23.04.2022

Британияда бемор 1,5 йил давомида ковид билан курашгани аниқланди

Буюк Британияда иммунитети кескин заифлашган бемор деярли бир ярим йил — 505 кун давомида коронавирус билан касаллангани аниқланди. Бу ҳақда «The Independent» хабар берди.

Фото: «The Independent»

Маълум қилинишича, бу узоқ вақт давом этган инфекция ҳолати бўлиши мумкин. «Коронавирус билан узоқ вақт давомида касалланганда вирус танадан чиқиб кетгандай туюлади, аммо унинг аломатлари сақланиб қолади», — дейди бриатниялик мутахассис Люк Блэгдон Снелл.

Таъкидланишича, мутахассислар ковиднинг кечиш муддати ва унинг мутацияланиш жараёнига таъсирини ўрганган. Тадқиқотда саккиз ҳафта давомида вирус аниқланган тўққиз бемор иштирок этган. Уларнинг иммунитети орган трансплантацияси, ОИВ инфекцияси, саратоннинг турли кўринишлари ёки бошқа касалликларни даволаш жараёнида пасайган.

Такрорий тестлар уларнинг инфекцияси ўртача 73 кун давом этганини кўрсатган. Икки кишида бир йилдан ортиқ вақт давомида вирус сақланиб қолган. Илгари, ПЗР тести билан тасдиқланган энг узоқ муддатли ковид ҳолати 335 кун давом этган.

Аввалроқ эмланганлардан кимларнинг ковидга чалиниш хавфи юқори экани айтилганди. Шунингдек, коронавирус кўриш қобилиятининг йўқолишига олиб келиши аниқланган.