Жамият, Жаҳон - 21:00 · 23.04.2022

Бугун оқшоми. Беморларни алдаб келган «Гуанжоу» клиникаси, 18 минг киши тўпланган Тошкентдаги чегирма, Россияга ультиматум қўйган Украина

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Қора шанба»: Тошкентдаги савдо марказида техникага берилган йирик чегирмалар сабаб 18 минг киши тўпланди. Дўкон ёпиб қўйилди.

Пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган «Атлас» савдо марказидаги техника дўконларидан бири ўзининг («камчилиги бор», «сал-пал яроқсиз») маҳсулотларига йирик (90 фоизгача) чегирмалар эълон қилди. Бунинг ортидан марказга 18 минг киши йиғилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Вазиятга Ички ишлар ходимлари аралашди. Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мажмуани ёпди. Шу билан бирга, чегирмали маҳсулотлар савдоси бекор бўлган (вақтинчаликми ё умуман, буниси номаълум). Бу орада у ерга келган фуқаролардан бири (аёл) кун иссиқилиги ва тиқилинч сабаб хушидан кетган.

Telegram’даги «Marketing bo‘limi» канали ушбу чегирмаларни кўпчилик ўйлагандек «MediaPark» эмас (дефакто), «Электроникауз» дўкони уюштирганига эътибор қаратди. Бу дўкон Telegram’даги каналини 21 апрель куни очган, шу сабабли бу янги фирма эканини тахмин қилиш мумкин, деб ёзмоқда маркетолог. Ушбу постда бир нечта тахминлар билан акцияни деюре Медиапарк уюштирганини исботлашга ҳаракат қилинган. Ва ўртага жўяли савол ташланган: янги фирмада қаердан шунча «дефект» маҳсулот?

Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон номидан Сардор Умрзоқов қатнашди.

Марказий Осиё–Россия 5-вазирлар йиғилиши Ўзбекистон номидан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўрнига бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов иштирок этди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Бош вазир ўринбосари ўз нутқида икки томонлама ҳамда минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида саноат кооперацияси ва технологик алмашинув, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва ахборот технологиялари, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини санаб ўтган.

Вазир нутқи давомида афғон муаммосига алоҳида ўрин берган. Ўзбекистоннинг Афғонистонга долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, аҳоли хавфсизлиги ва мамлакатда барқарорликни таъминлашда амалий кўмак беришда давом этишга содиқлиги таъкидланган.

Амалдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг аҳволи ва унинг вазирлиги тақдири номаълумлигича қолмоқда. Аввалроқ «Газета.uz» журналисти Шуҳрат Латипов ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштирилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Унинг таъкидлашича, ушбу янги вазирликка айнан Сардор Умрзоқов раҳбар этиб тайинланиши мумкин. Аммо Латиповнинг инсайди икки вазирлик томонидан тасдиқланмаган ҳам, инкор ҳам қилинмаган — хуллас, мавҳумлик (худди Комиловнинг соғлиги, қаердалигига оид ахборот каби).

«Бир балоси бўлмаса…». «Гуанжоу» клиникаси фаолиятида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Тармоқларда халқ орасида рекламалари орқали танилган «Гуанжоу» клиникасининг Намангандаги филиалида маҳаллий дориларни қадоғини алмаштириб, халқни алдаб келгани аниқланган видео тарқалди.

«Guangzhou medical of China» МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур иш доирасида клиниканинг Тошкент шаҳридаги ва бошқа вилоятлардаги филиалларида текширув ўтказилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яхши бўлди. Балки энди аҳоли ҳар қандай табибу, замонавий «доктор»ларга ишонмасликни, энг камида текширишни ўрганар. Ўргансин ҳам. Ўрганиши ҳам керак.

Карикатура: «Bugun.uz»/ Ҳабибулло Мўйидинов

«Хотинимга ҳокимият уйланганми ёки менми?». Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тунгги қабуллари пайтида ишчиларнинг ҳуқуқи поймол бўлаётгани айтилди. Энди ҳокимнинг фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

«Daryo.uz» нашрида «Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фуқаролар учун қабули тонггача давом этмоқда. Фуқаро дардини ўрганиш яхши, албатта, аммо ишчилар ҳуқуқи поймол бўлмаяптими?» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда ҳокимнинг қабуллари тунда (асосан 00:00 дан кейин) бўлаётгани, бундан ҳатто ҳоким ўринбосарлари ҳам норози бўлаётгани, амалдор атрофидаги ишчиларнинг яқинлари ҳам бундан норизо экани ёзилган.

«Кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида масъул лавозимда ишловчи ишчилардан бирининг эри билан гаплашиб қолдим. Хотинимга ҳокимият уйланганми ёки менми? Ҳар куни ярим кечагача ишда бўлади. Буни тартибга оладиган масъуллар йўқми? Ёки ҳокимият ишчиси ярим кечаси ҳам ишлашга мажбурми, деяпти» — дейилади «Дарё» мақоласида.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Меҳнат вазирлиги ушбу мақоладан кейин ҳоким фаолияти юзасидан текширув бошланганини маълум қилди. Унга кўра, пойтахтнинг Давлат меҳнат инспекцияси ҳокимнинг тунда қабул ўтказганини назоратга олган. Шунингдек, ўрганиш натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Хўш, оламда нима гап?

Россия билан тинчлик музокаралар тўхташи мумкин. Украина ультиматум қўйди.

«Украинская правда»нинг исмини ошкор қилишни истамаган украиналик юқори мартабали амалдорга таяниб ёзишича, Россия референдум ўтказиб, «Херсон Халқ Республикаси»ни эълон қилса, у билан тинчлик музокараларини тўхтатишга тайёр. Бундай ультиматум Украина томонидан россиялик музокарачилар билан сўнгги маслаҳатлашувлар чоғида илгари сурилган.

Фото: «Ведомости»

Бу Киевнинг Россия билан музокаралар жараёнини тўхтатиш эҳтимоли бўйича иккинчи ультиматуми ҳисобланади. Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский қамалдаги Мариуполда украиналик ҳарбийларнинг ўлдирилиши музокарага чек қўйиши ҳақида огоҳлантирганди.

Президент Россия билан музокараларнинг давом этиши Украинанинг хайрихоҳлигига боғлиқлиги ва Россия Қуролли кучларининг мамлакатдаги ҳаракатлари уларнинг бу жараёндаги позициясини заифлаштираётганини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.