Жаҳон - 22:02 · 23.04.2022

Ҳалок бўлган 3 ойлик чақалоқ, 56 марта ўққа тутилган Харьков, Украинага текинга қурол жўнатган АҚШ ва Польша

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 23 апрель куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «ТАСС»

Россия Мудофаа вазирлиги «Москва» крейсери экипажининг бортидаги одамлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлган ва 27 нафар аъзоси бедарак йўқолган.

Бу кема ходимларининг йўқолгани ҳақидаги биринчи расмий изоҳ ҳисобланади. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, экипажнинг қолган 396 нафар аъзоси крейсердан бошқа кемаларга эвакуация қилинган ва Севастополга олиб кетилган.

Пентагон АҚШнинг Украинага жўнат(ади)ган ҳарбий ёрдами нималардан иборатлигини очиқлади.

Таъкидланишича, Украинада уруш бошланганидан бери АҚШ Киевга ёрдам бериш учун 3,4 миллиард доллар ажратган. Умуман олганда, Украина Жо Байден даврида АҚШдан 4 миллиард доллардан ортиқ ёрдам олган.

Молиявий ёрдамдан ташқари Вашингтон Киевга ҳарбий техника жўнатмоқда. Пентагон ҳисоботида ҳарбий ёрдамга қуйидаги қуроллар кириши айтилган:

  • 700 дан ортиқ «Switchblade» камикадзе дронлари;
  • 16 та Ми-17 вертолёти;
  • 1,4 мингта портатив «Stinger» зенит-ракета тизимлари;
  • 5,5 мингдан ортиқ «Javelin» танкка қарши ракета тизимлари;
  • 14 мингдан ортиқ бошқа танкка қарши тизимлар;
  • 90 та калибри 155 миллиметрлик бўлган гаубица (ёпиқ позициялардан ўт отиш учун мўлжалланган, артиллерия қуролининг бир тури);
  • 183 мингта артиллерия снарядлари;
  • бу қуролларни ташиш учун 72 та транспорт воситаси.

Таъкидланишича, мазкур қуролларнинг баъзилари аллақачон етказиб берилган бўлса, баъзилари энди жўнатилади.

Рус қўшинлари 22 апрель куни Харьков вилоятини 56 марта ўққа тутгани айтилди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Олег Синегубов хабар берди.

Таъкидланишича, воқеалар оқибатида икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Шунингдек, Олег Синегубов 19 нафар одам яраланганини айтган.

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Одессага ракета ҳужуми уюштирилганини ва бунинг оқибатида 5 киши ҳалок бўлиб, 18 киши яраланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, бу фақат ҳозиргача аниқланган маълумотлар ҳисобланади. Ҳалок бўлганлар орасида уч ойлик чақалоқ ҳам борлиги айтилган.

Польша Украинага 7 миллиард злотийси (таҳминан 18 триллион сўм — таҳририят) миқдоридаги қурол-яроғ тақдим қилди. Бу ҳақда Польша ҳукумати матбуот котиби Пётр Мюллер ўзининг Twitter’даги саҳифасида хабар берди.

«Бу Украина, Польша ва Европа суверенитетини ҳимоя қилиш учун 1,6 миллиард доллардан кўпроқ!», — деб ёзган Мюллер.