Жаҳон - 15:50 · 23.04.2022

Канада ҳарбийлари космик бўлинма тузади

Канада ҳарбийлари 2022 йил охирига қадар янги космик бўлинма тузади. Бу ҳақда «Space News» хабар берди.

Фото: «The Canadian Press»

Канада Қироллик ҳаво кучлари бригада генерали, шунингдек, космик хизмат бош директори Майкл Адамсон мамлакат ҳам худди шундай ташкилотларни яратган иттифоқчиларидан ўрнак олишини айтган. АҚШда 16 минг кишидан иборат космик кучлар мавжудлиги ва Канада версияси анча кичликроқ бўлиши таъкидланган.

«Канада космик бўлинмасини яратиш имкониятини кўриб чиқиш мантиқан тўғри бўлади, у кейинчалик армия, ҳаво кучлари, денгиз флоти операциясида керакли вазифани бажаради», — деган Адамсон.

Таъкидланишича, Канада космик бўлинмасини яратиш бўйича таклиф Миллий мудофаа департаментидаги турли ташкилотлардан ўтмоқда. Сўнгги босқич Мудофаа вазири Анита Ананд бўлади.

Адамсон Канада коинот бўлими яқин олти-саккиз ой ичида ишга тушишини айтган. Космик бўлинма Канада Қироллик ҳаво кучлари қўмондони олдида керакли вазифаларни бажариш учун космик салоҳиятни яратишда жавобгар бўлиши кутилмоқда.

Аввалроқ Хитойда Ерни хавфли астероидлардан ҳимояловчи космик флот ишлаб чиқилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Канада махсус дастур бўйича Ойга космик аппарат юбориши хабар берилган.