Жамият, Жаҳон - 18:23 · 23.04.2022

Қирғиз Республикасида Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик қилишига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик академиясида 22 апрель куни Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси томонидан мамлакатнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, тадбирдан кўзланган асосий мақсад Қирғиз Республикаси сиёсий доираларига Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги доирасида ШҲТни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари ҳақида маълумот бериш ҳисобланади.

Тадбирда Президент Администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий стратегик тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси вакиллари, мезбон давлатдан таниқли олимлар, дипломатлар, сиёсатшунослар, таниқли экспертлар иштирок этган. (М.Сариев, К.Раҳимов, К.Ормушев, Д.Бердаков, Ш.Бактигулов, Э.Осмонбетов).

К.Дикамбаев номидаги Дипломатик академия ректори Чинара Адамқулова ўзининг кириш сўзида геосиёсий кескинлик шароитида ШҲТнинг энг йирик географик қамровга эга ташкилот сифатидаги роли ортиб бораётганини таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан, 2022 йилда Ўзбекистон зиммасига ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги йиғилишини Самарқандда ўтказиш бўйича муҳим вазифа юклангани, бунда Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлиги айтилган.

Фото: Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси матбуот хизмати

Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниёзалиев эса минтақанинг барча давлатлари орасида Ўзбекистон айни пайтда халқаро майдонда энг фаол эканини таъкидлаган. Унинг таъкидлашича, Тошкент аллақачон жаҳон кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича маслаҳатлашувлар учун қулай майдон бўлиб келмоқда.

Ниёзалиев ҳозирда Ўзбекистон ШҲТнинг энг фаол аъзоси ҳисобланишини айтган. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашуви кун тартиби минтақавий ривожланиш, янги ташаббусларни жорий этиш нуқтаи назаридан бой ва қизиқарли бўлишини таъкидлаган.

Фото: Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси матбуот хизмати

Қирғиз Республикаси Президенти Администрациясининг ислоҳотларни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш бўлими раҳбари Азамат Темиркулов вазир ўринбосарининг сўзларини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг ШҲТга ҳозирги раислиги ташкилот тарихида бурилиш даври бўлиши мумкинлигини таъкидлаган ва бу унинг аҳамияти ва прагматизмини кўрсатиши кераклигини айтди. Шунингдек, у Қирғиз Республикаси Ўзбекистонни ШҲТ доирасидаги барча ташаббусларда қўллаб-қувватлашини қайд этган.

Темиркуловнинг таъкидлашича, Тошкент ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасида муҳокама қилинадиган асосий масалалардан бири — Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Айзада Субакожоева ўз нутқида сўнгги йилларда ШҲТ МАТТнинг Тошкент шаҳридаги офиси қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи каналлари ва террористик ташкилотларга қарши самарали фаолият кўрсатаётганини таъкидлаган.

Унинг айтишича, ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ахборот хавфсизлиги, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ташвиқот материалларига қарши кураш ҳисобланади.

Қирғиз Республикаси Миллий стратегик тадқиқотлар институти директори маслаҳатчиси Эдиль Осмонбетов Ўзбекистон ШҲТнинг энг ташаббускор давлати эканини, 2017-2021 йилларда Президент Ш.Мирзиёев ШҲТ саммитларида 40 дан ортиқ муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сургани ва амалга оширилган ишлар шундан далолат эканини таъкидлаган.

Унинг айтишича, ШҲТдаги ҳамкорликнинг муҳим масалаларидан бири минтақавий хавфсизликка, хусусан, Афғонистонга таҳдид саналади. Бундай шароитда Ўзбекистоннинг ўрни айниқса юқори, чунки у Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштиришга қодир.

Эксперт геосиёсий кескинлик шароитида Ўзбекистоннинг қашшоқликка қарши курашиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал этиш ташаббуси муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд саммити ШҲТни янада ривожлантиришни белгилаб берувчи янги стратегик векторни жорий этиш учун чақирилаётгани айтган.

Фото: Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси матбуот хизмати

Эксперт, Қирғиз Республикаси бош вазирининг собиқ маслаҳатчиси Кубат Раҳимов ШҲТ маконида иккита йирик транспорт лойиҳаси — «Хитой–Қирғиз Республикаси–Ўзбекистон» темир йўли ва Трансафғон йўлаги қурилиши мавжудлигини таъкидлаган. Унга кўра, бу лойиҳалар ягона континентал қуруқлик ҳалқаси контекстида кўриб чиқилиши керак. Минтақадаги транзит темир йўлларга эга бўлмаган давлатлар фақат Қирғиз Республикаси ва Афғонистон ҳисобланади. Лекин, юқоридаги лойиҳалар амалга оширилса, мутаносиб равишда уларнинг молиялаштирилишини таъминлаши керак бўлган барча бенефициарлар фойда кўриши айтилган.

Фото: Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси матбуот хизмати

Қирғиз Республикаси давлат университети ректори маслаҳатчиси Калнур Ормушев Ўзбекистоннинг асосий устунлиги – сўнгги йилларда мамлакат ўз кун тартибини шакллантирган жиддий минтақавий ўйинчига айланиб, ишонч қозонишга муваффақ бўлганида эканлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, ҳозирда минтақанинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, дунё державалари ишончни йўқота бошлади. Тошкент ушбу имтиёздан, жумладан, ШҲТ доирасида ташаббусларни илгари суриш учун фаол фойдаланмоқда.

Умуман олганда, расмий вакиллар ва экспертлар ҳамжамиятининг баҳолари ва фикрлари таҳлили шуни кўрсатадики, Қирғиз Республикаси сиёсий доиралари Ўзбекистоннинг ШҲТни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолайди ва бу борада Ўзбекистон раислигида режалаштирилган вазифаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёр.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг юбилей мажлисида қатнашгани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент бу саммитда иштирокчи мамлакатларга вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олиш бўйича таклиф бергани айтилганди.