Жамият, Жаҳон - 9:10 · 23.04.2022

Қозоғистонда давлатлараро қидирувда бўлган ўзбекистонлик эркак ушланди

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида давлатлараро қидирувда бўлган жиноятчи, 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда «Polisia.kz» хабар берди.

Фото: «Total.kz»

Аниқланишича, эркак 2017 йил декабридан 2018 йил апрелигача бўлган даврда уюшган гуруҳ таркибида Россиянинг Свердловск вилоятида юк автомобилларидан товарлар ўғирлаш билан шуғулланган. Қўлга олинган фуқаро бошчилигидаги гуруҳ аъзолари ушбу давр мобайнида камида 18 марта автотранспорт воситаларидан яширин ўғирлик жиноятини содир этган.

«2019 йил июль ойида Россия Ички ишлар вазирлигининг Свердловск вилояти бўйича бош бошқармаси гумонланувчини Россия Жиноят кодексининг 158-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этгани учун давлатлараро қидирувга берган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик эркак қўлга олинганди. Шунингдек, мамлакат чегарасида гашиш олиб ўтаётган ўзбекистонлик эркак ушланганди.