Жаҳон - 0:28 · 23.04.2022

Россия Қирғизистонга ёрдам сифатида ун ва ўсимлик ёғи юборди

Россия Қирғизистонга ёрдам сифатида 135 тонна буғдой уни ва 60 тоннадан ортиқ ўсимлик ёғи юборди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Бишкекдаги Россия дипломатик ваколатхонаси бу бўйича маълумот берган. Ёрдам юки 22 апрель, жума куни етказилган. Маҳсулотлар эҳтиёжманд оилалар ўртасида мақсадли тақсимланиши қайд этилган. Худди шундай акция 20 апрель, чоршанба куни Ўш шаҳрида ҳам бўлиб ўтган. Унда Россия Қирғизистонга 675 тонна ун ва 60 тонна сариёғ жўнатган.

«Ушбу лойиҳа Россиянинг 2020–2021 йилларга мўлжалланган БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурига 9 миллион доллар миқдоридаги ихтиёрий мақсадли ҳиссаси доирасида амалга оширилмоқда», дея хабар берган Россия элчихонаси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Украинадаги уруш сабаб аҳолидан пулни беҳуда сарфламасликни сўраганди. Президент дунёда содир бўлаётган сўнгги воқеалар туфайли вазият янада ёмонлашиши мумкинлигини айтган.

«Биламан, ҳозир вазият оғир. Нархлар ошди. Ишсизлик давом этмоқда. Аксарият асосий нарсалар учун этарли эмас. Вазият ҳақиқатда сўнгги жаҳон воқеалари туфайли ёмонлашиши мумкин. Биз бунга тайёр бўлишимиз керак», — деган у ва аҳолини тежамкор бўлишга чақирган.

Ўз навбатида, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон дунёдаги вазият сабабли аҳолини икки йиллик озиқ-овқат ғамлашга чақирганди.

«Экин экиш кампаниясини ўз вақтида якунлаш, мўл ҳосил учун баҳорнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиш зарур. Ёдингизда бўлсин, ҳар бир оила икки йиллик озиқ-овқат захирасини тўплаши керак», — деган Раҳмон.

Қозоғистонда эса буғдой ва ун экспорти учун квоталарни жорий этилган.