Жаҳон - 17:20 · 23.04.2022

Россияда ҳамюртларини пичоқлаган ўзбекистонлик эркакка суд ҳукми ўқилди

Россия таркибидаги Мордовия республикасида ҳамюртларини пичоқлаган ўзбекистонлик эркак 12 йил 6 ойга қамалди. Бу ҳақда «Вестник Мордовии» хабар берди.

Фото: «МВД Медиа»

Маълумотларга кўра, 2021 йил 16 август куни полицияга 2 нафар Ўзбекистон фуқароси Чамзинкада жойлашган ётоқхонадаги можарода жабрлангани ҳақида хабар келиб тушган. Аниқланишича, 37 ёшли маҳкум тунги вақтда ётоқхонада яшовчи танишларига пичоқ билан жароҳат етказган. 1996 йилда туғилган жабрланувчилардан бири тез ёрдам етиб келгунига қадар воқеа жойида ҳалок бўлган, 1976 йилда туғилган жабрланувчи эса, касалхонага етказилган, унга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Суд ҳукми билан эркак 12 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўташга ҳукм қилинган.

Аввалроқ Россияда бир оиланинг тўрт нафар аъзосини ўлдирган ўзбекистонлик йигит умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Шунингдек, Россияда давлатлараро қидирувдаги ўзбекистонлик йигит қўлга олинганди.