Сиёсат - 11:32 · 23.04.2022

Сардор Умрзоқов Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этди

Марказий Осиё–Россия 5-вазирлар йиғилиши 22 апрель куни видеоконференция тарзида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов иштирок этди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Маълум бўлишича, учрашув кун тартибига минтақа давлатлари ва Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликка оид, жумладан, Марказий Осиёда барқарорликни сақлаш, террористик ва экстремистик таҳдидларга қарши курашиш, ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш, жадал иқтисодий ўсиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, ҳудудлараро туризмни ривожлантириш, кибер ва биологик хавфсизлик, шунингдек, минтақа давлатлари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш каби масалалар киритилган.

Иштирокчи мамлакатлар вакиллари ўз чиқишида юқоридаги йўналишларнинг ҳар бири бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалдаги муносабатларнинг устувор йўналишлари, ҳамда яқин ва ўрта муддатли истиқболда уни кенгайтириш истиқболларини баён қилган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Сардор Умрзоқовнинг нутқи ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг барқарор ривожланишини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига бағишланган. Ўзбекистон томони технологик салоҳиятни ривожлантириш, платформага аъзо мамлакатларнинг қўшма инвестиция имкониятларини бирлаштириш ва сафарбар этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирган.

Бош вазир ўринбосари ўз нутқида икки томонлама ҳамда минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида саноат кооперацияси ва технологик алмашинув, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва ахборот технологиялари, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини санаб ўтган.

Вазир нутқи давомида афғон муаммосига алоҳида ўрин берган. Ўзбекистоннинг Афғонистонга долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, аҳоли хавфсизлиги ва мамлакатда барқарорликни таъминлашда амалий кўмак беришда давом этишга содиқлиги таъкидланган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

«Ўзбекистон афғон халқига самарали гуманитар ёрдам кўрсатишда, электр энергияси таъминоти бўйича амалдаги шартномаларни бажаришда, афғон талабалари ва мутахассисларига мамлакат таълим муассасаларида ўқитиш хизматларини кўрсатишда, шунингдек илгари келишилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришда давом этади», дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.

Россия ТИВ хабарига кўра, учрашувда вазирлик раҳбари Сергей Лавров, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этган.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонлари ушбу учрашувни Марказий Осиё–Россия ташқи ишлар вазирлари йиғилиши деб қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» журналисти Шуҳрат Латипов ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Унинг ёзишича, янги вазирликка раҳбар сифатида Сардор Умрзоқов номзоди кўрилмоқда.