Жамият - 18:39 · 23.04.2022

Тошкент халқаро анимацион форуми ғолиблари аниқланди

Кинематография агентлиги ташаббуси билан 18-22 апрель кунлари Тошкент халқаро анимация форуми ўтказилди. Форум Швейцария ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Тошкентдаги Гёте институти, «Bazelevs» кинокомпанияси, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Миллий кинофонди ҳамда «DRF community independent filmmakers of Uzbekistan» киностудияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Унда Германия, Грузия, Исроил, Озарбайжон, Тожикистон, Россия, Украина, Чехия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан анимация мутахассислари, шу билан бир қаторда ўзбек аниматорлари ва «Ақлвой», «Болажон» телеканалларидан вакиллар иштирок этишди.

Форум доирасида болалар учун турли тадбирлар, воркшоплар, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлар, миллий ва хорижий мультқаҳрамонлар иштирокида чиқишлар, флешмоб ва бошқа байрамона шоулар тақдим этилди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Aнтон Болкунов, Эльчин Хами Ахундов, Зураб Диасамидзе, Юлия Дробова, Макс Эпштейн, Карина Хананейа каби анимация мутахассислари томонидан маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

Бундан ташқари форум иштирокчиларига Ўзбекистон миллий кинофондидан жой олган болажонлар аудиториясига мўлжалланган классик анимацион фильмлар намойиш қилинди. Ёш аниматорларнинг «Moments», «Моя мама похожа на микроволновую печь», «Я тебя помню», «Зоопарк» номли қисқа метражли анимацион фильмлари тақдимоти ташкил этилди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Форум доирасида россиялик журналист, анимация танқидчиси Дина Годер билан учрашув бўлиб ўтди. Унда меҳмон «Недетская Анимация» номли маъруза билан иштирок этди.

Шунингдек, халқаро танловларда иштирок этган «Huwaydo», «Девушка и облако», «La Gare», «Blake Inmortales Аян Марокканский», «Author And The Nose», «Не выходя из комнаты», «The Sound of Silence», «Ластик», «НОТ ДЕД» каби машҳур анимацион фильмлар томошабинларга тақдим этилди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

«Bazelevs Animation», «Futurist», «Dip animation» студиялари ва «Болажон» телеканали фаолияти бўйича тақдимотлар қилинди.

Форум сўнгида ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича мукофотланди:

  • Гран при: «На птичьих правах» — Анита Черных (Қозоғистон)
  • Ҳакамлар ҳайъати эътирофи: «Девушка и облако» — Шокир Холиқов (Узбекистон)
  • Ҳакамлар ҳайъати эътирофи: «Sound of Silence» — Фарҳод Гаффорпур (Тожикистон)
  • Ёш ҳакамлар совғаси: «Author and the Nose» — Жанна Абасова (Кирғизистон,Туркия)
  • Анимация соҳаси ривожи учун қўшган ҳиссаси учун махсус мукофот — Эльчин Хаами Ахундов (Озарбайжон)
  • Энг яхши дақиқали фильм: «Дело Семейное» — Маликахон Зайнутдинова.