Жамият, Тошкент ш. - 14:40 · 23.04.2022

Тошкентдаги савдо марказида чегирмалар ортидан 18 минг киши тўпланди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги савдо марказида чегирма сабаб одамлар тўплангани хабар қилинганди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати воқеа юзасидан қўшимча маълумот берди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Келтирилишича, савдо марказидаги чегирмалар сабаб 18 минг нафарга яқин фуқаро тўпланган. Мажмуа бир вақтнинг ўзида бу каби кўплаб аҳолини қабул қилиш имконига эга эмаслиги, шунингдек фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёпилди. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан савдо мажмуасидаги вазият назоратга олинди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Қайд этилишича, кун иссиқилиги ва тиқилинч сабаб бир нафар аёл хушидан кетган. Шу ернинг ўзида у хушига келтирилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига юборилган.

Аввалроқ Қарши аэропортида 150 га яқин одам тўплангани бўйича муносабат билдирилганди.