Турли хил фестиваллар, тадбирлар ва мукофотлар бўлмаса, кино соҳаси нима йўқотади?
Ўзбекистонлик кинорежиссёр Сарвар Каримов журналист Фаррух Худоёров билан бўлган суҳбатда кинонинг орқасидан пул қилаётганлар ҳақида гапирди.

Сарвар Каримов журналистнинг «турли хил фестиваллар, тадбирлар ва мукофотлар бўлмаса, кино соҳаси нима йўқотади?» деган саволига қуйидаги жавоб берди:
«Кино ҳеч нарса йўқотмайди, кино балки фойда топар, лекин шу кинонинг орқасидан пул қилиб ўтирган одамлар пул йўқотиб қўйиши мумкин.
‘Ўзбеккино’ миллий агентлиги ўзи қадимдан кичкинагина ташкилот эди. Бир йиллик буджетимиз 10–15 миллиард сўм пул бўлар эди. Шу сўммага бир йилда 10–15 та кино олар эдик. Яхшими ёмонми билмадим, лекин ҳар ҳолда кино олар эдик. Масалан мен олган кинолар ҳам, одамлар кўриб катта бўлган устозларимиз олган кинолар ҳам мана шу 10–15 миллиарднинг ичида олинган.
Ҳозир бирданига Кинемотография агентлиги бўлдида, расмий ҳужжатларга кўра йиллик буджет 233 миллиард қилиб қўйилди. Энди қаранг, 10–15 миллиард берилганида 10–15 та кино олинарди, шунда 233 млрдга қанча кино олиниши керак? 100 дан ортиқ тўғрими, олиняптими шулар. Бир яримта бўлса ҳам олиняптими? Ҳозир мени гапимга раддия қилиб ўтган йили агентлик томонидан 150 та фильм олинди деб чиқади, бироқ шу 150 та фильмнинг 95 фоизи 10 минутга ҳам бормайдиган қисқа метражли ва ҳужжатли фильм бўлиб чиқади. Уларнинг буджети 100 миллион сўмга ҳам бормайди. Бу шунчаки кўзни шамғалат қилиш учун, сон учунгина қилинаётган ишлар».