Жаҳон, Сиёсат - 10:15 · 23.04.2022

Украина Россияга ультиматум қўйди

Украина Россия референдум ўтказиб, «Херсон Халқ Республикаси»ни эълон қилса, у билан тинчлик музокараларини тўхтатишга тайёр. Бу ҳақда «Украинская правда» хабар берди.

Фото: «Ведомости»

Келтирилишича, исмини ошкор қилишни истамаган украиналик юқори мартабали амалдор бу бўйича маълумот берган. Бундай ультиматум Украина томонидан россиялик музокарачилар билан сўнгги маслаҳатлашувлар чоғида илгари сурилган.

Таъкидланишича, бу Киевнинг Россия билан музокаралар жараёнини тўхтатиш эҳтимоли бўйича иккинчи ультиматуми ҳисобланади. Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский қамалдаги Мариуполда украиналик ҳарбийларнинг ўлдирилиши музокарага чек қўйиши ҳақида огоҳлантирганди.

Президент Россия билан музокараларнинг давом этиши Украинанинг хайрихоҳлигига боғлиқлиги ва Россия Қуролли кучларининг мамлакатдаги ҳаракатлари уларнинг бу жараёндаги позициясини заифлаштираётганини айтган.

Аввалроқ Зеленский Россия билан имзоланадиган тинчлик шартномаси қандай бўлиши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, президент Россия тинчлик ҳужжати лойиҳасини тақдим қилмаганини таъкидлаганди.