Жаҳон - 12:06 · 24.04.2022

«Ҳеч ким бизнинг уч кундан ортиқ қарши тура олишимизни кутмаган» — Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский иштирокида 23 апрель куни Киев метросида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Zerkalo» хабар берди.

Фото: «Эхо Кавказа»

Маълум қилинишича, давлат раҳбари унда Россия билан музокаралар, Путин, NATO ва украиналикларнинг кураши ҳақидаги саволларга жавоб берган.

Россия билан музокаралар ҳақида

«Аввалига бу ультиматум эди. Кейин бу ультиматумнинг риторикаси халқимиз бирлашгани сабабли ўзгара бошлади. Сўнгра ультиматум бандлари йўқолиб, музокараларга жараёнига ўтилди. Кейин Туркияда коммюнике (халқаро музокаралар натижалари тўғрисида расмий хабарнома) тайёрланди, менинг билишимча, Россия бунга дастлаб ижобий муносабатда бўлган, кейин эса улар оммавий ахборот воситалари орқали Украинага нисбатан нафратни уйғотгани учун давлат ичидаги одамлар томонидан юқори даражада танқид қилинган. Кейинчалик, билишимча, улар бу коммюникега жавоб берган. Ҳозирда ушбу жавоблар билан кичик гуруҳларимиз ишламоқда. Энг долзарб масалалар — хавфсизлик ва бетарафлик кафолатлари, Донбасс ва Қрим тақдири. Ўйлашимча, бундан бошқа муаммо йўқ. Қолганларнинг ҳаммаси сиёсий намойиш», — дейди Владимир Зеленский.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Украинанинг Россия билан музокаралардан воз кечиши учун бир қанча сабаблар бўлиши мумкин.

«Мариуполдаги халқимиз йўқ қилинса, Украинанинг босиб олинган ҳар қандай ҳудудида референдум эълон қилинса, Украина ҳар қандай музокаралардан чиқиб кетади. Аммо у ердаги одамлар билиши ва босқинчиларга ёрдам бермаслиги керак. Маҳаллий аҳоли уйма-уй юриб, маълумот тўпламоқда. Бу Россия томонидан нотўғри қадам. Бу аввалги барча музокаралар фантастика ва шунчаки жуда ёмон актёрлар иштирокидаги театр эканини кўрсатади», — дейди Зеленский.

Путин билан эҳтимолий учрашув ҳақида

«Президент билан учрашишдан қўрқмайман (Владимир Путин — таҳ.). Менинг шунчаки қўрқишга ҳаққим йўқ, чунки халқимиз Украина Қуролли Кучлари, миллий гвардиячилар каби ҳеч нарсадан қўрқмаслигини, қўллари билан танкларни тўхтата олишини кўрсатди. Одамлар болалари учун қўрқмоқда. Шундай экан, давлатимиз, мустақиллигимиз ҳақида гап кетганда раҳбар қўрқмаслиги керак», — дейди  президент.

Украиналикларнинг ўз ерларини ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида

Украина президентининг қайд этишича, аксарият украиналиклар шунчаки доимий уруш даврида 10–15–20 йил яшашга тайёр эмас — бошқа танлов ҳам йўқ. Мамлакат эса аллақачон кўп йиллар давомида ҳимояланишга ўрганган давлатга айланган. «Ғалаба қозонсак, энг кучли ва тажрибали армияга эга бўламиз. Шунингдек, Европанинг энг қудратли давлатларидан бирига айланамиз», — дейди Украина президенти.

Қайд этилишича, Владимир Зеленский интервью давомида Украина ўз ҳудудларини қандай қилиб қайтариб олиши ҳақида ҳам гапирган.

«Президент сифатидаги позициям: улар эгаллаб турган ҳамма ҳудудни қайтариб оламиз. Бу 2014 йилдаги каби 8 йил дегани эмас, дарҳол бўлади. Бу қурол масаласи. Агар бизда улар етарли бўлса, дарҳол босиб олинган ҳудудларни қайтаришга киришамиз», — дейди давлат раҳбари.

Украинанинг NATO’га кириши ҳақида

Киев метросида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Владимир Зеленский Украинани NATO’га қабул қилмаслик қарори Ғарбнинг катта хатоси эканини таъкидлади.

«Менимча, ўтган йиллар давомида Украинани NATO’га қабул қилмаслик катта хато бўлди. Зеро, мамлакатнинг иттифоққа қабул қилиниши ташкилотни мустаҳкамлаши ва Россия уруш бошламаслигининг кафолати бўлиши мумкин эди. Бу стратегик хато бўлди. Ҳеч ким бизни уч кундан ортиқ қарши тура олишимизни кутмаган. Айрим йирик давлатлар агар уч кундан кейин ишғол қилинса, нима учун санкция қўллаш керак деб, санкция қўллагиси келмади. Лекин биз бирдамлигимиз ва Россияга қарши тура олишимизни кўрсатиб, ўзимизга бўлган муносабатни ўзгартира олдик», — дейди Владимир Зеленский.

Аввалроқ Зеленский Россия билан имзоланадиган тинчлик шартномаси қандай бўлиши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, у Украинани тарк этмагани сабабини тушунтирганди.