Жаҳон, Сиёсат - 8:08 · 24.04.2022

Имрон Хоннинг ҳокимиятдан кетишига АҚШнинг «таҳдидли хати» сабаб бўлганми?

Покистон собиқ бош вазири Имрон Хонга АҚШдан келган телеграммада суиқасд билан таҳдид қилингани хабар берилганди. Мамлакат хавфсизлик хизматлари мазкур масала юзасидан олиб борган суриштирувини эълон қилди.

Фото: «Times of Islamabad»

Хавфсизлик қўмитасига кўра, собиқ бош вазирга қарши хорижий тил бириктирилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Покистоннинг янги бош вазири Шаҳбоз Шариф маъмурияти томонидан тарқатилган пресс-релизда бу бўйича маълумот берилган. Шариф 22 апрель куни Миллий хавфсизлик қўмитаси йиғилишига раислик қилган. Учрашувда март ойи охирида Покистоннинг Вашингтондаги элчихонасидан олинган телеграмма муҳокама қилинган. Покистоннинг Вашингтондаги собиқ элчиси Асад Мажид Хон унда АҚШ расмийлари томонидан Имрон Хон ҳукуматига юборилган таҳдид мавжудлигини айтган.

«Миллий хавфсизлик қўмитаси хабар мазмуни, хавфсизлик идоралари томонидан берилган баҳо ва хулосаларни ўрганиб чиқиб, бунинг ортида ҳеч қандай хорижий фитна йўқ деган хулосага келди», — дейилади матбуот хабарида.

Имрон Хоннинг ўзи АҚШ мустақил ташқи сиёсат учун уни ағдариб ташлашга қарор қилганини айтганди.

«Америкадан 7 март куни хат олдик. Майли, қайси давлатдан эканини айтмайлик, хорижий давлат эди. Бу элчимиз ўша давлат расмийлари билан учрашув чоғида олган расмий ҳужжати бўлган. Унда ‘агар Имрон Хон ишончсизлик вотуми бўйича кетса, биз Покистонни аяймиз, акс ҳолда, мамлакат салбий оқибатларга дуч келади’ дейилган», — деган собиқ бош вазир.

Ўз навбатида, Оқ уй матбуот котиби Кейт Бедингфилд матбуот брифингида бу даъволарни рад этган.

Маълумот ўрнида, «Адолат ҳаракати» партияси вакили бўлган собиқ бош вазир Имрон Хон 10 апрель куни ишончсизлик вотуми натижасида лавозимидан четлаштирилди. Бундан сал аввал у ўз ҳукумати АҚШ ва маҳаллий мухолифат томонидан таҳдид қилинаётгани ва унга «таҳдид мактуби» келганини айтган. Партия Хон ҳукумати мустақил ташқи сиёсат ва бош вазирнинг 24 февралда, яъни Украинага ҳужум бошланган кун Россияга ташрифи туфайли истеъфога чиқарилганини даъво қилган.

Аввалроқ Имрон Хон зудлик билан Покистонда сайлов ўтказишни талаб қилганди. Шунингдек, Покистонга янги бош вазир сайланганди.