Жамият, Жиззах - 12:50 · 24.04.2022

Жиззахда ҳомиладор келин ўз жонига қасд қилди — видео

Жиззах вилояти Зарбдор туманида ҳомиладор келин ўз жонига қасд қилди. Олий суд матбуот хизмати бу бўйича маълумот берди.

Фото: Иллюстратив

Келтирилишича, ҳодиса қизнинг келин бўлиб тушганига 3 ой бўлганида юз берган. 2021 йил 25 мартда тўйи бўлган У. турмуш ўртоғи ҳамда қайнанаси томонидан камситилиб, калтакланиб келинган.

«Қизим ўша уйга келин бўлиб тушганидан буён ўз уйига 3 маротаба келган ва ҳар сафар ё билаги кўкарган ёки абгор ҳолатда бўлган. Охирги келган кунида ҳам қизимнинг бурнидан қон оқиб, мазаси бўлмаганди», — дейди қизнинг онаси.

Маълумотларга кўра, камситишдан ташқари, марҳуманинг эри уни онаси ва опасидан тиз чўкиб, кечирим сўрашга мажбур қилган. Шундан сўнг У. ҳомиладорлигига қарамасдан ҳовлисидаги қурилиши битмаган бинода бўйнига сим боғлаб ўзини осган.

Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди томонидан келиннинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган куёвга 7,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ  Самарқандда тазйиқлар оқибатида аёл ва унинг 16 ёшли қизи ўзини осиб қўйганди. Шунингдек, Қашқадарё вилояти Нишон туманида 9 март куни ўқувчи яна бир қиз ўз жонига қасд қилганди.