Жаҳон - 22:00 · 24.04.2022

Мариуполь театри вайроналари остидаги жасадлар, Украинанинг ЕИга тўлиқ аъзо бўлишига қарши чиққан Австрия, Бельгияда қолган Россиянинг «қимматбаҳо автомобиллари»

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 24 апрель куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «ИА Regnum»

Украина МАГАТЭ’дан атом электр станциялари учун ускуналар сўради

Украина расмийлари Атом энергияси бўйича халқаро агентликдан (МАГАТЭ) атом электр станцияларининг ишлаши учун зарур бўлган қўшимча ускуналарни сўради. Рўйхатга радиацияни ўлчаш асбоблари, ҳимоя материаллари, компьютер ускуналари, электр таъминоти тизимлари ва дизель генераторлари киритилган.

«Биз МАГАТЭ ва унга аъзо давлатлар томонидан кўрсатилаётган ёрдамни, зарур жиҳозларни бевосита Украина ядровий объектларига етказиб бериш орқали мувофиқлаштирамиз», — дейди агентлик директори Рафаэль Гросси Украинанинг ускуналарга бўлган эҳтиёжи катта эканини қўшимча қилган ҳолда.

Украина электр станциялари учун жиҳозларнинг бир қисми МАГАТЭ’га март ойида топширилган. 26 апрель куни Гросси Чернобиль АЭСига ташриф буюришни режалаштирмоқда. У радиация мониторинги учун қўшимча ускуналар, шунингдек, шахсий ҳимоя воситаларини совға қилмоқчи.

Австрия ташқи ишлар вазири Украинанинг Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлишига қарши чиқди

Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг Украинанинг Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлишига қарши чиқди ва «каттароқ мослашувчанлик»ка чақирган ҳолда ассоциация шартномаси каби моделни қайта эслатди.

Шалленбергнинг фикрича, бугунги кунда фақатгина БМТнинг 25 та давлатида мавжуд бўлган «асосий ҳуқуқ ва эркинликлар» билан ҳаётнинг Ғарб моделини ҳимоя қилиш зарур. Шу билан бирга, вазир Украина ва ЕИнинг янада интеграциялашуви зарурлигини таъкидлаган. «Биз ўзимизнинг ғарбий ҳаёт тарзимизни экспорт қиламиз», — деган у.

Бельгияда 8 мингга яқин янги автомобиллар ҳашаматли товарлар деб тан олинди ва Россияга экспорт қилиниши тақиқланди

Россияга юборилиши керак бўлган 8 мингга яқин қимматбаҳо автомобиллар Россияга қарши санкциялар туфайли Бельгиянинг Зебрюгге портида қолиб кетди.

«Автомобилларга ҳашаматли товарларни экспорт қилишга қўйилган санкция остига тушди, бироқ ҳозирда бу ерда бошқа қатор товарлар ҳам бор. Машиналар катта эҳтимол билан узоқ вақт давомида олиб кетилмайди ва бошқа бозорларда сотилиши мумкин», дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, машиналар Бельгияга Осиёдан апрель ойи бошида келган бўлиб, уларнинг орасида Lexus, Cadillac ва Mercedes’нинг сўнгги русумлари бор.

Bloomberg: Болгария Украинага қурол етказиб беришдан бош тортди

Украинага қурол етказиб бериш масаласи Болгарияда мамлакат ҳукумати аъзолари ўртасида тортишувларга сабаб бўлди, шу муносабат билан ҳукмрон коалиция қурол етказиб беришдан бош тортишга қарор қилди, деб хабар берди Bloomberg. Агентлик маълумотларига кўра, мамлакат расмийлари Европа Иттифоқи давлатларининг Украинага қурол етказиб беришда ёрдам бериш ҳақидаги чақириқларига жавоб бермаган.

Мариуполда драма театри вайроналарини кўздан кечириш пайтида 11 кишининг жасади топилди

Донецк Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари кўнгиллилар билан биргаликда тўрт кун ичида Мариуполдаги драма театри вайроналари остидан 11 нафар ҳалок бўлган тинч аҳолининг жасадини олиб чиқди. Бу ҳақда вайроналарни таҳлил қилишда иштирок этаётган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими маълум қилди. «Вайроналар 4 кун давомида, 11 нафар тинч аҳолининг жасади топилгунга қадар тозаланди», дейилади хабарда.

Унинг сўзларига кўра, вайроналар остида бошқа одамларнинг жасадлари ҳам бўлиши мумкин. Чунки қутқарувчилар бинонинг концерт зали жойлашган қисмини ҳали деконструкция қилмаган. Вайронагарчиликнинг табиатига кўра, портлаш эпицентри айнан ўша ерда жойлашган.