Жаҳон - 16:02 · 24.04.2022

Қозоғистонда ер ва ерости бойликлари халққа тегишли экани белгилаб қўйилади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Конституциявий кенгашга Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритишини маълум қилди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, президент раислигида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Ўзгартиришлар асосий қонунда ер ва табиий бойликларнинг халқ эгаси эканлиги тўғрисидаги қоидани мустаҳкамлайди.

Тўқаев жамият ва давлат учун принципиал аҳамиятга эга бўлган ерга эгалик масаласини ҳал этиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтган.

“Халқ ер ва табиий бойликларнинг эгаси экани тўғрисидаги норманинг Конституцияда якуний мустаҳкамлаб қўйилиши келгусида ҳар қандай тафовутларни бартараф этишда катта сиёсий аҳамиятга эга бўлади. Шу муносабат билан Асосий қонуннинг 6-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинмоқда: Ер ва унинг сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиий бойликлари билан халққа тегишлидир. Халқ номидан мулк ҳуқуқини давлат амалга оширади», — дейди президент қисқа вақт ичида амалга оширилган улкан ишлар учун ишчи гуруҳ аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда.

«Бугун мен Конституциявий кенгашга Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритаман. Бу асосий қонунимиз талабидир. Ишончим комилки, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар мустақил Қозоғистон тарихида янги саҳифа очади. Бу Янги Қозоғистон қурилишидаги муҳим босқичдир», — деган давлат раҳбари.

Ҳозирги вақтда Қозоғистон Конституциясининг 6-моддаси 3-банди қуйидагича кўринишда: «Ер ва унинг ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиий бойликлари билан давлат мулки ҳисобланади. Ер қонун ҳужжатларида белгиланган асослар, шартлар ва чегараларда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин».

Аввалроқ Қозоғистон адлия вазири Канат Мусин мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг қариндошлари қандай лавозимларга даъвогарлик қила олмаслигини маълум қилганди. Шунингдек, Қозоғистон президенти қандай ваколатлардан маҳрум бўлиши хабар берилганди.