Жаҳон - 17:32 · 24.04.2022

Россияда мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ошгани маълум бўлди

Россияда 2022 йилнинг биринчи чорагида мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга ошди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан мамлакатдаги жиноят ҳолати бўйича статистик маълумотлар эълон қилинган.

«Россия ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 10,4 мингта жиноят содир этилган, бу 2021 йилнинг январь–март ойларига нисбатан 8,1 фоизга кўпдир», — дейилади материалда. Манбага кўра, МДҲ давлатларидан келган фуқаролар ҳам қонунни кўпроқ бузишни бошлаган.

Хусусан, Марказий Осиёдан борган мигрантлар томонидан 8,4 минг жиноят содир этилган, бу 2021 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўпдир. Бундан ташқари, бошқа маълумотлар ҳам очиқланган. Жумладан, 2022 йилда хориж фуқароларига нисбатан содир этилган жиноятлар сони қарийб 6 фоизга — қарийб 4 мингтага ошган.

Аввалроқ Путин ноқонуний мигрантларга нисбатан қаттиқ чорa кўришга чақирганди. Шунингдек, Россияда ишлаётган мигрантлар учун янги хизмат ишга тушганди.