Жамият, Жаҳон - 21:01 · 24.04.2022

Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодировга совға юборди — видео

Рамазон ҳайити арафасида Чеченистон Республикасида бўлган Ўзбекистон делегацияси Рамзан Қодировга Шавкат Мирзиёевнинг табриклари ва «Пои Калон ансамбли» картинасини топширди. Бу ҳақда Чечeнистон раҳбари ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Фото: «The New Times»

Маълум қилинишича, Бухоронинг машҳур архитектура ансамбли таркибига Рамзан Қодировнинг отаси Ахмат Қодиров таҳсил олган Мир Араб мадрасаси киради.

«Азиз отам Бухорода ўқиб юрган даврларини доим фақат яхши сўзлар билан эслар, самимий ва хотиржам аҳоли ҳақида гапирар, ёшлигидаги бу масканга меҳр билан қарарди», — деб ёзган Рамзан Қодиров ўзининг Telegram саҳифасида.

Бундан ташқари, Чеченистон Республикаси раҳбари Ўзбекистон президентига «Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги самарали ҳамкорлик учун» миннатдорчилик билдирган.

«Ишончим комилки, Ўзбекистон фуқароларига шундай олижаноб президент борлиги, Шавкат Миромоновичга эса шундай ажойиб халқнинг бошида туриш бахти насиб этган», — дейди Қодиров.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон Президентига мамлакатдаги очиқлик сиёсати учун миннатдорчилик билдирганди. Қайд этилишича, Қодиров дастлаб мамлакатдаги гўзал шаҳарлар ҳақида фикр билдирган. «Бухорога боришни жуда хоҳлайман. У ер жуда ҳам гўзал жой. Самарқанд ва Тошкент ҳам шундай. Шунчаки, гўзаллик», — деган Чеченистон раҳбари.