Жамият - 15:12 · 24.04.2022

Тошкентда эркакни ёқасидан тортиб, ерга йиқитган аёл суд қилинди — видео

Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган «Компас» савдо маркази ёнида эркакни ёқасидан тортиб, ерга йиқитган аёл суд қилинди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, ҳудудда рақс тушиб, ҳамманинг эътиборини тортган 38 ёшли аёл 58 ёшли эркакни кутилмаганда ёқасидан тортиб, ерга йиқитган. Эркак бунинг оқибатида орқа миясидан жароҳат олган. Ерда ётган эркакнинг бошидан қон оқаётганини кўрганлардан бири уни ўлди, деб бақирган, яна бири эса сув олиб келишни айтиб, ёрдамга чақирган.

Суд залида аёл эркак ҳушини йўқотгач, воқеа жойидан қочганини айтган. Аммо гувоҳларнинг маълум қилишича, аёл эркакнинг ерда ётганидан фойдаланиб, унинг чўнтагидаги 120 минг сўм пулини ҳамда баҳоси 200 минг сўмлик телефонини олиб қочган.

Маълумотларга кўра, аёлга нисбатан 3 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Наманган вилоятида эрини қизига тегажаклик қилгани сабаб ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилганди. Шунингдек, Сурхондарёда хотинини бўғиб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган. Ҳамда Жиззахда қарзини қайтармаслик учун эркакни ўлдириб, йўл четига кўмиб кетган йигит суд қилингани маълум қилинган.