Таҳлил - 18:11 · 25.04.2022

Бахт индексида «бахтсизлашаётган» Ўзбекистон. Бахт ва унинг қандай ўлчаниши ҳақида қисқача

БМТ барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи томонидан ҳар йилда чоп этиладиган халқаро бахт индексида (World Happiness Report) 2022 йилда Финляндия кетма-кет бешинчи йил жаҳоннинг энг бахтли мамлакати деб топилди. Кучли учликка Дания ва Исландия якун ясаган. Ўзбекистон эса 2021 йилга нисбатан 11 поғонага пастлаб, 146 давлат орасидан 53-ўринни эгаллади.

Хўш, бахт деганда нимани тушуниш лозим, у қандай критериялар билан ўлчанади? «Bugun.uz» колумнисти Жаҳонгир Остонов мақолада шу хусусда сўз юритади.

Фото: «Аnderson-review»

Бахт деганда нимани тушуниш лозим?

Қадимги даврлардан бошлаб, инсон психологик ҳолатининг мазкур элементи барча замонларнинг мутафаккирлари диққат марказида бўлиб келган ва келмоқда. Бахт — инсоннинг мавжудлиги шароитида умрининг мазмунли ва тўкислиги, ўзини ўзи англашидан имкон қадар қаноат ҳосил қиладиган ҳолати саналади. Бахт феномени психология, фалсафа, физиология, социология ва иқтисодий назарияларда ҳамда динларда ўрганилади.

Бахт физиологияси «бахт гормонлари» деб аталадиган – эндорфин, серотонин ва дофамин гормонлари билан чамбарчас боғлиқ. Уларнинг синтези ва организмдаги айланиши эндокрин, бактериал ва вирусли касалликлар туфайли бузилади. Серотонин мия ва марказий асаб тизимининг нейромедиатори бўлиб, у ошқозон-ичак трактида ва асаб тизимининг қисмларида ишлаб чиқарилади. Агар эндорфин асосан қисқа муддатли эйфория ва қувонч ҳолатига таъсир қилса, серотонин унинг мунтазам ишлаб чиқилиши ва нейронларда ушлаш жараёнлари кўп даражада бахт ва узоқ муддатли қониқиш ҳиссини таъминлайди.

Антик этикада бахт муаммоси марказий категория эди. Аристотел уни биринчилардан бўлиб ўрганган, у бахтни «яхшиликка тўла қалбнинг фаолияти» деб таърифлаган. Яхшиликни бахтга элтувчи восита сифатида тавсифлаган. Эллинизм даврида бахт эпикуризм фалсафасида завқда ифодаланган. Шарқ фалсафаси моддий дунёда бахтга эришиб бўлмаслигини эълон қилиб, ўзининг биологик, физиологик, ижтимоий, иқтисодий ва мантиқий жиҳатларида индивидуал бахтли ҳаётга эришишнинг амалий йўлларини ўргатади. Хусусан, шарқ фалсафаси вакили Далай-лама шундай дейди:

«Яхши ҳамки, бахтга эришишнинг икки усули бор. Биринчи усул — ташқи. Яхши уй-жой, яхши кийим, кўпроқ ёқимли дўстлар орттириш орқали биз маълум даражада бахт ва қониқиш топа оламиз. Иккинчи усул — руҳий ривожланиш йўли бўлиб, у ички бахтга эришиш имконини беради. Бироқ бу икки ёндашув эквивалент эмас. Ички бахтсиз ташқи бахт узоқ давом эта олмайди.

Агар ҳаёт сизга қора рангларда тортилса, юрагингизда нимадир етишмаётган бўлса, сиз қанчалик ҳашаматли орасида бўлсангиз ҳам, бахтли бўлолмайсиз. Аммо ички хотиржамликка эришган бўлсангиз, энг қийин шароитларда ҳам бахт топишингиз мумкин».

Психологияда бахтни аниқлашда қуйидаги формуладан фойдаланилади: «Бахт = ҳаётдан чуқур қониқиш + максимал ижобий эмоциялар + минимал салбий эмоциялар». Бундан ташқари, ижобий ҳис-туйғулар ҳозирги пайтдаги бахт билан боғлиқ, чуқур қониқиш эса узоқ муддатли бахт билан боғлиқ. Шундай қилиб, бахт — бу ўз потенциалимизга эришиш учун ҳаракат қилганимизда ҳис қиладиган қувонч туйғуси саналади.

Бахт ва пул ўртасидаги муносабатни ўрганувчи иқтисодчилар ва социологларнинг таъкидлашича, макродаражада ялпи ички маҳсулот даражаси юқори бўлган бой мамлакатлар аҳолиси камбағал мамлакатлар аҳолисидан кўра нисбатан ўзларини бахтлироқ ҳис қилишади. Микро даражага келсак, аксарият иқтисодчиларнинг хулосаси шундай: бахт пулга боғлиқ, аммо пул қанча кўп бўлса, улар бу бахтга шунчалик таъсир қилмайди. Психологларнинг таъкидлашича, бахт учун маълум бир минимал пул керак. Бироқ, асосий муаммолар ҳал этилгач, бахт ва пул ўртасидаги алоқа тезда хиралашади.

Бахт қандай критериялар билан ўлчанади?

БМТ Бош Ассамблеяси 2011 йилда ташкилотларга аъзо мамлакатларни ўз халқи бахтига баҳо беришга ва ундан давлат сиёсатида мезон сифатида фойдаланишга чақирувчи резолюция қабул қилди. Шундан сўнг 2012 йил 2 апрель куни Бутан (ривожланишнинг асосий кўрсаткичи сифатида ялпи ички маҳсулот ўрнига ялпи миллий бахтни қабул қилган биринчи ва ягона давлат) бош вазири Жигме Тинли раислигида БМТнинг «Бахт ва фаровонлик: янги иқтисодий парадигмани белгилаш» мавзусидаги биринчи юқори даражадаги йиғилиши бўлиб ўтди. 2012 йилдан БМТ барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи томонидан чоп этиладиган халқаро бахт индекси юритила бошланди.

Фото: «USCDornsife»

Миллий бахтни баҳолаш учун 6 та омилдан фойдаланилади: аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, умр кўриш давомийлиги, фуқароларнинг ўз ҳаётий қарорларини қабул қилиш эркинлиги, сахийлик ва коррупцияга муносабат. Ҳар бир омил 10 балли тизимда баҳоланади. Ўзбекистон 2022 йилда мазкур индексда якуний ҳисобда 6,0 балл тўплаган. Хусусан, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот даражаси бўйича – 1,2 балл, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича – 1,09 балл, умр кўриш давомийлиги бўйича – 0,60 балл, фуқароларнинг ўз ҳаётий қарорларини қабул қилиш эркинлиги – 0,71 балл, сахийлик бўйича – 0,28 балл, коррупцияга муносабат бўйича эса – 0,24 баллни қайд этган.

Ўзбекистонда бахтиёрлик иқтисодиёти янги соҳа ҳисоблангани боис эмпирик тадқиқотлар сони нисбатан кам экани кузатилади. Нурдинова & Адачай (2020) бахтиёрлик иқтисодиёти ҳақида қисқа маълумот берган бўлса, Hiwatari (2019) Ўзбекистондаги ишонч ва ҳаётдан қониқиш орасидаги боғлиқликни таҳлил қилган. Жаҳон Бахтиёрлик Ҳисоботининг 2006-2019 йиллари маълумотлари асосида Ўзбекистон учун ҳисоблаган индексда умумий ўсиш суръати кузатилади. 2010 йилда мазкур индекс қиймати 5.09 бўлиб, 2006-2019 йиллар орасидаги энг паст даражани кўрсатади. 2017 йилда индекс 6.42 қиймат билан энг юқори даражани кўрсатади.

Меҳнат бозоридаги иштирокига кўра ҳаётдан қониқиш ва бахтнинг ўртача қиймати солиштирилганда, мавсумий ишда ишлаётган ва вақтинчалик иш билан банд бўлганлар энг бахтсиз категория эканлиги кузатилди. Бу категориянинг доимий даромадга эга эмаслиги, эртанги кун ҳақидаги қайғулари бахтиёрлик даражасига салбий таъсир кўрсатгани орқали изоҳланади. Ҳаётдан қониқиш даражаси 6.0 қиймат билан энг паст кўрсаткичи ҳам мавсумий иш билан банд ва бошқаларга тўғри келади. Тадбиркор ва ўз бизнесига эга бўлган респондентларнинг бахтиёрлик даражаси 3.69 қиймат билан энг юқори эканлиги кўрилди. Тадбиркор ва ўз-ўзини банд қилган респондентларнинг бахтиёрлиги қатъий график асосида ишламаслик, ўзини-ўзи бошқариш ваколати мавжудлиги ва бошқаларга нисбатан эркин меҳнат шароитига эга эканлиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳаётдан қониқиш даражаси энг юқори категория талабалар эканлиги кузатилган.

Меҳнат бозоридаги иштирокига кўра ҳаётдан қониқиш ва бахтиёрликнинг ўртача қиймати / Фото: «Review.uz»

Умуман олганда, бахт кўпроқ кишиларнинг эмоционал ҳолати билан баҳоланиб, ижобий ҳисларнинг кўплиги билан изоҳланади. Илмий адабиётда бахт субъектив фаровонлик, ҳаёт сифати каби атамаларнинг бир-бирига синоним сифатида ишлатилиши кузатилади. Лекин статистик маълумот ва сўровномаларда бахт ва ҳаётдан қониқиш орасидаги фарқ кузатилади.