Беларусь Тошкентда трамвайни тиклаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди
Мамлакат бош вазири қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам тўхталди
Тошкентда «Иннопром. Центральная Азия» халқаро кўргазмаси доирасида Беларусь ва Ўзбекистон бош вазирлари учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Белта» хабар берди.

Учрашувда томонлар қатор масалаларни муҳокама қилган. Беларусь томони Тошкентда трамвайни тиклаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилган.
«Йўловчилар шаҳар транспорти соҳасида таклифларимиз бор. Электр транспортининг ривожланиши яқин ўн йилликда транспорт тузилмасини белгилаб берадиган асосий соҳадир. Ушбу экологик тоза транспорт соҳасида ўз имкониятларимизни таклиф қилмоқчимиз», —деди Роман Головченко.
Шунингдек, Тошкентда трамвай қатновини қайта йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилган.
«Беларус томони зарур инфратузилма, режалаштириш ва ҳаракат таркибини етказиб бериш билан комплекс ечимларни тақдим этишга тайёр. Агар шундай қарор қабул қилинса, биз Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам кўриб чиқамиз», — деди бош вазир.
Шунингдек, у қишлоқ хўжалиги мавзусига тўхталиб, Беларусь ва Ўзбекистонда мустаҳкам қишлоқ хўжалиги базаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича замонавий технологиялар мавжудлигига эътибор қаратди.
Аввалроқ Тошкентда трамвай йўлларини қуриш ишлари 2023 йилдан бошланиши ҳақида маълумот берилганди.